Oylik arxiv: Oktabr 2014

Ўзбекистонда БМТ куни кенг нишонланди

UNDay20142014 йилнинг 24 октябр куни «Тошкент Плаза» Арт-Марказида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятининг 69 йиллиги муносабати билан ташкилотнинг Ўзбекистондаги агентликлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер матбуот анжуманини бошлар экан, БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг қўйидаги сўзларини келтирди: “Дунёни табиий офатлар ва кризислар ларзага солаётган бир пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаолияти ниҳоятда долзарбдир”. Ушбу мушкул шароитда одамларга ёрдам бериш учун қаратилган БМТ фаолиятида Мингйиллик ривожланиш мақсадлари (МРМ) алоҳида ўрин эгаллайди. Жаноб Приснер Узбекистоннинг Миллий Мингйиллик ривожланиш мақсадлари, жумладан гендер тенглиги, умумий бошланғич таълим сифатини яхшилаш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш йўлидаги муваффақиятларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, жаноб Приснер 20 йил давомида Ўзбекистон ривожланиши учун ажратилган 340 миллион АҚШ доллари, ва 2013 йилда иқтисодиётни ривожлантириш, самарали бошқарув, соғлиқни сақлаш, таълим, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, маданий мерос ва атроф-муҳит муҳофазаси, ҳамда ОИВ/ОИТСга қарши кураш борасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 29,8 миллион АҚШ доллари ажратилганини айтиб ўтди.

Жаноб Приснерга кўра, «Биз истаган жаҳон» деб номланувчи 2015 йилдан кейинги даврга мўлжалланган ривожланиш дастури жаҳон ҳамжамияти томонидан МРМ асосида шаклланаётгани ва иқлим ўзгариши, иқтисодий барқарорлик, ҳамда инклюзив жамиятларни барпо этиш масалаларини ўз ичига олади.

Хозирда эса миллий ҳамкорлар билан биргаликда 2016 – 2020 йилларга мўлжалланган янги, Тараққиётга кўмак дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

2015 йилдан кейинги ривожланиш дастури ҳақида сўз борар экан, ундаги 17 мақсад ва 189 банднинг ишлаб чиқиш жараёни ҳали ҳам давом этаётгани ва улар қаторидан таълим, атроф-муҳит муҳофазаси, ҳамда тенгликка асосланган инклюзив иқтисодий-ижтимоий ўсиш масалалари ўрин олгани қайд этилди.

Анжуман давомида иклюзивлик тушунчаси бир неча бор таъкидланди, БМТ учун инклюзивликнинг маъноси ҳақидаги саволга жавобан, жаноб Приснер ушбу ғояга “аҳоли барча қатламларининг эҳтиёжлари ҳисобга олиниши керак бўлган тараққиёт жараёни” деб таъриф берди. Шунингдек, аҳолининг эҳтиёжларини тўлароқ қондириш учун, уни турли гуруҳларга бўлиб, алоҳида эътиборни ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга қаратиш кераклигини қўшимча қилди.

Шунингдек, анжуман давомида БМТ агентликларининг раҳбарлари томонидан турли соҳаларда эришилган ютуқлар қаторида оналар соғлиғини сақлаш, таълим сифатини ва қишлоқларда истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш, камситишларга қарши чора-тадбир кўриш, чиқиндиларни камайтириш, энергия ва сувни тежовчи технологиялaрни қўллаш, энергиянинг муқобил манбаларини жорий этиш, Орол денгизи ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, фуқаролик судлар тизимини ислоҳ қилиш ва гиёҳвандликка қарши кураш борасида эришилган ютуқлар ҳам қайд этилди.