Oylik arxiv: Noyabr 2014

Инновацион лойиҳалар танловининг ғолиблари ўз ғояларини амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар

Enterprise_award_2014Ўзбекистоннинг 1400дан зиёд коллежларида таҳсил олаётган 20 000 талаба ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган инновацион ғояларни амалга ошириш имкониятини берувчи танловда иштирок этдилар.

21 ноябр куни “Энг яхши инновацион лойиҳа – 2014” республика танловининг сўнгги босқичида Ўзбекистон ёшларининг энг илғор ва долзарб лойиҳалари тақдим этилди.

Лойиҳалар танлови шу йилнинг сентябр ойидан бошлаб уч босчиқда бўлиб ўтди. Дастлабки босқичда коллеж миқёсида, иккинчи босқичда  вилоят миқёсида энг яхши жамоа танланди. Учинчи босқич ғолибларини аниқлаш учун ҳар бир вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 14та жамоа танловга йўлланма олди.

Сўнгги босқичда ҳар бир жамоа вакиллари ўз лойиҳаларини 5 дақиқа давомида тақдим этиб ҳайъат аъзоларининг саволларига жавоб бердилар. Лойиҳалар ижтимоий хизмат, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, IT-хизматлар, қишлоқ ҳўжалиги ва таълим соҳаларига оид бўлиб, ҳайъат аъзолари томонидан ва www.markaz.uz сайтида овоз бериш орқали баҳоланди.

Умумий баҳолаш натижасида керак бўлмаган нарсалардан янги буюмлар ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга имконият берувчи “Эко-колледж” лойиҳасини тақдим этган Самарқанд жамоаси танлов ғолиби деб топилди. Хазон, мева ва сабзавотлар, тухум пўчоқлари каби органик чиқиндилардан экологик жиҳатдан соф ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Эко-эволюция” лойиҳаси билан Бухоро жамоаси иккинчи ўринга сазовар бўлди. Кофе ўрнига “Арпадан тайёрланган ичимлик”ни таклиф этган Фарғона жамоаси учинчи ўрин ғолиби бўлди. Андижонлик талабалар эса ўзларининг “Қуёшдан қўшимча энергия олиш” бўйича ғоялари учун “Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва кўнгиллилик” лойиҳасининг маҳсус совринига эга бўлдилар.

Танлов ташкилотчилари томонидан ажратилган 2,5 млн. сум ғолиб деб топилган уч жамоа лойиҳаларини амалга ошириш учун имконият беради.

Танлов Британия кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси ўрта-махсус касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистан савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва БМТ Тараққиет дастурининг “Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва кўнгиллилик” лойиҳаси билан ҳамкорликда ўтказилди.