Oylik arxiv: Dekabr 2014

Барқарор келажак турфалик ва тенгликдадир

Ўзбекистонда Халқаро ногиронлар кунига бағишланган фестиваль бўлиб ўтди.Унда ногиронлиги бор одамлар муаммосига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш масаласи ўртага ташланди. Тадбирда  БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдухакимов, Нодавлат-нотижорат ташкилотлари уюшмаси маслаҳат кенгашининг мувофиқлаштирувчиси Ойбек Исоқов, БМТнинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Азизхон Баходировлар сўзга чиқдилар.

Шу куни “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция”ни ратификация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича Миллий ҳарақат режасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Конвенциянинг амалга тадбиқ этилиши ногиронлар ижтимоий ҳаётда қатнашишларига тўсқинлик қилаётган барча муаммоларни енгишга, уларни камситадиган муносабатни ўзгартиришга ёрдам бериши таъкидланди.

Тадбирдан ўрин олган амалий санъат кўргазмаси, ҳамда “Лик” театри ижодкорларининг таъсирли чиқишлари ногиронлик инсонларни ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишдан ва гўзаллик яратишдан четда қолдира олмаслигининг яққол далили бўлиб хизмат қилди.

Тадбир БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Республика меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Нодавлат-нотижорат ташкилотлари уюшмасининг маслаҳат кенгаши билан биргаликда ташкил этилди.