Oylik arxiv: Fevral 2015

Халқаро Вестминстер университетида тўртинчи  БМТ модели бўлиб ўтди

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида 14 – 15 февраль кунлари Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида тўртинчи  БМТ модели анжумани бўлиб ўтди. Унда мазкур университет талабалари билан бирга пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент ирригация ва мелиорация институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидан келган 100дан ортиқ ёшлар иштироқ этдилар.

Анжуманнинг очилиш маросимида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Асмус Хаммерих, ТХВУнинг биринчи проректори Алан Франс и ва ижтимоий масалалар бўйича проректор Низом Қодировлар сўзга чиқдилар.

Бу гал талабалар Бош Ассамблея, Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти ва ЮНЕСКО кенгашларининг ишини моделлаштирдилар. Анжуман қоидаларига кўра, аввалига иштирокчилар ўз мамлакатлари вакиллари сифатида мавзу бўйича маъруза қилдилар, норасмий ва умумий муҳокамада қатнашдилар, кейин эса резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш устида иш олиб бордилар.

Анжуманнинг иккинчи куни талабалар томонидан тайёрланган маданий дастур тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир якунида БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан қатнашчилар сертификатлар билан, энг фаол  иштирокчилар эса совғалар билан тақдирландилар. Шу куни БМТ модели доирасида 6 феврал куни илк бор БМТ Ахборот маркази ташкил этган “Нотиқлик санъати танлови”нинг  (Public speaking tournament) ғолиблари ҳам эълон қилинди. Танловда қатнашган 24 талабадан уч нафари берилган мавзу бўйича тайёрланган мазмунли нутқлари учун ғолибликни қўлга киритди: 1 ўрин – Аброр Назаров, 2 ўрин – Роман Куак, 3 ўрин – Гулбегим Холмирзаева.

MUN at WIUT (3)      WHO Representative in Uzbekistan Asmus Hammerich      MUN at WIUT

Ўзбекистонда Бутунжаҳон радио куни нишонланди

11Бутунжаҳон радио куни (13 феврал) арафасида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва БМТ Ахборот маркази томонидан давра суҳбати ташкил этилди. Унда радио соҳасида фаолият олиб бораётган таниқли журналистлар, муҳаррир ва техник ходимлар радионинг жамият тараққиётида тутган ўрни ҳақида сўз юритишди.

Учрашув бошида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Криста Пиккат сўзга чиқишди. Пиккат хоним  Бутунжаҳон радио кунининг таъсис этилиши ва бу йилги байрамнинг мавзуси – “Ёшлар ҳамда инновацияларнинг радио тараққиётидаги ўрни”га йиғилганлар эътиборини қаратди. Криста Пиккатга кўра, хозирги кунда сони 1,8 миллиардга тенг бўлган ёшлар келажак бунёдкорларидир, радионинг муҳим ОАВ сифатида ёшлар ҳаётига янада чуқурроқ кириб боришига эришиш жуда муҳимдир.

Учрашувда Ўзбекистон радиосининг аҳамияти, соҳада эришилган ютуқлар, унинг Интернет билан рақобатдошлигини ошириш зарурлиги ҳақида сўз юритилди, давлат ва нодавлат  радиостанцияларининг фарқи ва ходимларининг касбий маҳоратлари, ҳамда ушбу соҳада учраб турадиган баъзи камчиликлар муҳокама этилди. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун ёш радио бошловчилар учун маҳорат дарсларини ташкил этиш ва Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган радиостанциялар мухлислариларининг фикрини билиш учун маҳсус сўровлар ўтказиш таклиф этилди.

Суҳбат давомида журналистларларнинг касбий ахлоқи, маъсулияти ва маҳоратига боғлиқ бўлган тил ва нутқ софлиги, ахборот аниқлиги ва ҳаққонийлигига алоҳида аҳамият берилиб, дастурларга астойидил тайёргарлик кўриш зарурлиги борасида ҳам фикрлар билдирилди.

Шунингдек, Бутунжаҳон радио куни доирасида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Ахборот маркази кўмагида 10 февраль куни “Водий садоси” радиосида бўлиб ўтган дастур давомида жамият тараққиётида радионинг тутган ўрни мавзусида соҳа мутахассислари фикр алмашишди. Ёшлар ва инновацияларга бағишланган бу галки мавзудан келиб чиққан ҳолда, талаба- журналистлар орасида танлов ўтказилиб унда ғолиб чиққан икки талаба учун радиода илк бор ўз эшиттиришларини тақдим қилиш имконияти яратилди.