Oylik arxiv: Mart 2015

2015 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги устувор вазифалари

Stefan Priesner -Headsup2015БМТ 2015 йилда Ўзбекистондаги фаолиятининг устувор йўналишларини эълон қилди. БМТ Ахборот маркази томонидан суратга олинган видеолавҳаларда ташкилотнинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган агентликлари раҳбарлари кўп қиррали ҳамкорликнинг асосий вазифалари ҳақида батафсил сўз юритдилар. Ушбу туркумнинг дастлабкисида БМТнинг мамлакатдаги вакили Стефан Приснер янги, 2016-2020 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ)га киритилиши мўлжалланган  иқтисодий ривожланиш, жумладан, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари, соғлиқни сақлаш ва таълим сифатини яхшилаш, экологик барқарорлик ҳамда самарали бошқарув каби йўналишларнинг долзарблиги ва бу соҳаларда олиб бориладиган ҳамкорликнинг мамлакат тараққиётидаги аҳамияти ҳақидаги қарашлари билан ўртоқлашди.

Жаноб Приснер, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан амалга ошириладиган вазифалар ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Стефан Приснер иштирокидаги тўлиқ интервьюни  сиз БМТ Ахборот марказининг YouTube каналида ​кўришингиз мумкин

Ушбу туркумнинг бошқа видеолавҳаларини ҳам БМТ Ахборот Марказининг YouTube каналида кўришингиз мумкин:

ЖССТнинг Ўзбекистондаги устувор вазифалари

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги устувор вазифалари

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги устувор вазифалари

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги устувор вазифалари

БМТ НЖБнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасининг устувор вазифалари

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги устувор вазифалари

ЮНЭЙДСнинг Ўзбекистондаги устувор вазифалари

БМТ ва юлдузлар билан гендер тенглиги сари 16 кун

16_days_video_2014

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаолиятидаги энг муҳим вазифаларидан биридир. Айнан шу мавзуга бағишлаб ҳар йили бутун жаҳон бўйлаб “Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик ҳаракат” кампанияси ташкил этилади. Мазкур кампания доирасида БМТ Ахборот маркази ўзбек эстрадасининг юлдузлари, спортчилар ва бошқа соҳалардаги етакчи аёллар иштирокида “Тинчлик тенгликдан бошланади” деб номланган видео лавҳалар туркумини суратга олди. Улар ўз ҳаётидаги тажрибаларидан келиб чиққан  ҳолда қизлар ва аёлларни ўз мақсадлари сари интилиб яшашга чақирадилар.

Ушбу видео лавҳаларда қаҳрамонлар ҳаётларида учраган қийинчиликлар ва эришган натижалари ҳақида ҳикоя қиладилар. Кимдир ҳаётида аёл бўлгани туфайли камситишларга ҳеч учрамаган бўлса, кимдир  аёллар ўз йўлини топиши жараёнида кўплаб қийинчиликларга дуч келади ва жамиятда ўз ўрнини топиши мураккаб деб ҳисоблайди. Кимнидир яқинлари тушунмаган пайтлари бўлган, кимнингдир ҳаёти эса танлаган касби сабабли ҳавф остида бўлган.

Қизлар ва аёлларга кўтаринки руҳ бағишлаш учун бизнинг қаҳрамонларимиз уларга мурожаат қилиб қийинчиликларга қарамасдан мақсадлари ва орзулари сари интилиб яшашни, ўз кучлари ва истеъдодларига ишончларини йўқотмасликни маслаҳат берадилар.

“Тинчлик тенгликдан бошланади” туркумидаги видолавҳаларни БМТ Ахборот марказининг YouTube каналида кўришингиз мумкин.

БМТнинг Ўзбекистондаги вакили бўлажак юристларни тақдирлади

2015-03-02-univer-of-lawБМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иштирокида Тошкент давлат юридик университетида 2 март куни “Ҳуқуқ устуворлиги сари 70 йил” мавзуси бўйича иншолар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир 23 йил аввал Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлгани, ҳамда БМТнинг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.

Тақдирлаш маросимини очган ТДЮУ ректори Есемурат Каньязов университетнинг тарихи, хозирги кун мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб берди. Меҳмон сифатида тақдирлаш маросимига ташриф буюрган БМТнинг Ўзбекистондаги вакили Стефан Приснер “Ҳуқуқ устуворлиги ва Мингйиллик ривожланиш мақсадлари” мавзусида маъруза ўқиди. Жаноб Приснер дунёдаги глобаллашув жараёнининг турли соҳаларида БМТнинг 70 йил давомида олиб бораётган фаолияти, ҳамда унинг негизини ташкил этувчи икки асосий ғоя – инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ривожланиш мақсадлари борасида тўхталиб ўтди. Маъруза якунида Стефан Приснер БМТнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Танловнинг ўтказилиш жараёни, ундаги шарт ва баҳолаш мезонлари ҳақида “Халқаро оммавий ҳуқуқ” кафедрасининг мудираси  Замира Борсиева батафсил маълумот берди. Танловда қатнашган 40 нафар талаба томонидан топширилган иншолар “Халқаро оммавий ҳуқуқ”  кафедраси ва университетнинг Илмий-тадқиқод маркази профессор ва ўқитувчиларидан ташкил топган жюри аъзолари томонидан баҳоланди. Бакалаврлар орасида ғалабани Алишер Сафаров, магистрантлар орасида эса Давронбек Ўрозбоевлар қўлга киритдилар. Акромжон Шарипов, Азимжон Аслонов, Зарифа Элмуродова ва Дилшод Эгамбердиевлар сертификатлар билан тақдирландилар. Абдуазиз Исоқулов эса инглиз тилида ёзилган энг яхши иншо муаллифи деб топилди.