Oylik arxiv: Aprel 2015

Ўзбекистонда  МРМ борасидаги миллий ҳисобот тақдим этилди

MDG's-report30 апрель куни Ўзбекистонда Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишга доир иккинчи миллий ҳисоботнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, элчихоналар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этдилар. Ҳисобот 2000–2013 йиллар давомида  Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича мамлакат тараққиётининг таҳлили ва унга берилган баҳони ўз ичига олади.

Тадқимот бошида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири Галина Саидова ҳисоботнинг асосий хулосасига кўра дунё иқтисодиёти барқарор эмаслигига қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар асосидаги иқтисодий ўсиш ва аҳолининг барча қатламлари фаровонлигини ошириш мувозанатини таъминлашга муваффақ бўлганини таъкидлади. Галина Саидованинг айтишича, ҳукуматнинг мувозанатга келтирилган иқтисодий сиёсатига кўра, аҳолининг кам таъминланганлик даражаси 2000 йилдан 2014 йилгача бўлган давр мобайнида икки баробар қисқарди. У, шунингдек таълим, гендер тенглиги, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер ҳисоботни тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон ҳукумати ва БМТ агентликлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижаси ўлароқ ҳисобот янги, 2015 йилдан кейинги глобал Барқарор ривожланиш ҳамда Ўзбекистоннинг истиқболадги тараққиёти мақсадлари билан ҳамоҳанг вазифаларни акс эттиришини айтди. Жаноб Приснерга кўра, ҳисоботнинг вилоятлар бўйича МРМга эришиш бўйича натижалари ушбу муҳим жараёнда кенг жамоатчилик иштироки таъминлангани, ва бу, ўз навбатида2015 йилдан кейинги даврга мўлжалланган глобал дастурларнинг  маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича ўтказиладиган муҳокамаларнинг самарали кечишини таъминлашини таъкидлади.

Ҳисоботни тайёрлаш жараёнида 15та вазирлик ва идора мутахассислари, БМТнинг 8 агентлиги вакиллари иштирокида 8та ишчи гуруҳ тузилди. Шунингдек, ҳужжатда ифода этилган асосий ғоялар муҳокамасига бағишлаб 4та учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, жараёнга халқаро экспертлар жалб этилди.

Ҳисоботни тайёрлаш бўйича мувофиқлаштириш вазифасини бажариб келган Иқтисоий тадқиқотлар маркази вакили Ўзбекистонда МРМга эришишга доир маъруза ва тараққиёт тақдимоти билан сўзга чиқди. Шундан сўнг, БМТ ваколатхонаси томонидан глобал Барқарор ривожланиш мақсадлари ва уларнинг моҳиятидан иборат батафсил ахборот тақдим этилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини оширишга чақиради

World_Health_Day_2015_press_conferenceЖаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили хавфсиз бўлмаган озиқ-овқатни истеъмол қилиш натижасида 2 миллионга яқин киши ҳаётдан кўз юмди. Шу сабабли, бу йил Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш куни озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига бағишланди. Мазкур сана муносабати билан Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес-марказида БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Озиқ-овқат таркибидаги бактерия, вирус, паразит ёки кимёвий моддалар 200дан ортиқ касалликларни келтириб чиқаради. Уларни олдини олиш мақсадида ЖССТ ҳамда БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи халқаро мезонларни ишлаб чиқариб, касалликлар тарқалишига қарши курашишда давлатларга ёрдам беради. Бу масала БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг ушбу сана муносабати билан йўлланган мурожаатида таъкидланади.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Саидмурод Саидалиев, БМТнинг Ўзбекистондаги вакили Стефан Приснер, ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили Асмус Хаммерих сўзга чиқдилар. Стефан Приснер соғлиқни сақлаш – БМТ ва Ўзбекистон  ҳукумати ҳамкорлигининг энг муҳим соҳаларидан бири эканлигини айтиб ўтди. Жаноб Хаммерих озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қишлоқ ҳўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ва умумий овқатланиш корхоналари, озиқ-овқат саноати ва соғлиқни сақлаш органлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Саидмурод Саидалиевга кўра Соғлиқни сақлаш вазирлиги озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини  таъминлаш борасида асосий назорат қилувчи орган  вазифасини бажариб келади. Ушбу соҳада амалга оширилаётган фаолиятнинг устувор вазифалари сифатида ҳуқуқий ва илмий-методик базаларни мустаҳкамлаш, лабораториялар  самарадорлиги ва аҳолининг соғлом озиқланиш ҳақидаги билимларини ошириш каби масалалар белгиланган.

ЖССТ ўзингиз ва оилангизни озиқ-овқат билан боғлиқ касалликлардан ҳимоя қилиш учун қўйидаги 5 қоидага риоя қилишни тавсия этади:

  1. Тозаликни сақланг
  2. Хом ва пиширилган маҳсулотларни аралаштирманг
  3. Таомни яхшилаб пиширинг
  4. Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тавсия этган ҳароратда сақланг
  5. Тоза сув ва тоза озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланинг