Oylik arxiv: Avgust 2015

Ўзбекистонда халқаро меҳнат мезонлари жорий этилмоқда

ILO-conference-25-6 август кунлари Ўзбекистон билан Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланишга бағишланган Давра суҳбати бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Касаба уюшмаларининг халқаро конфедерацияси, Иш билан таъминлаш халқаро ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, ЮНИСЕФ, Европа иттифоқи ҳамда АҚШ, Германия, Швейцария, Франция, Жанубий Корея ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихоналарининг 70 нафарга яқин вакил иштирок этди.

Давра суҳбати чоғида Ўзбекистон ҳукумати, Касаба уюшмалари федерацияси ва аҳолини иш билан таъминловчи ташкилотлар томонидан 2014 йилнинг апрель ойида қабул қилинган  Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурига доир маълумотлар тақдим этилди. Тадбир  иштирокчилари пахта теримини мониторинг қилишга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилдилар. Ушбу мониторинг Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Жаҳон банки молиялаштираётган лойиҳалар амалга тадбиқ этилаётган туманларда маҳаллий назоратчилар томонидан олиб борилади.

Халқаро меҳнат ташкилоти ходимлари мажбурий меҳнат ҳавфига оид маълумотларни тақдим этдилар. Ушбу маълумотлар асосида мониторинг ҳаракатлари ҳамда мажбурий меҳнатга доир тадқиқотлар олиб борилади.

ILO-conferenceМиллий ҳамкорлар ишга ихтиёрий равишда ёллаш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш, айни пайтда пахта теримига ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини жалб этиш ҳолатларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўзладилар. Аҳолининг вазиятдан хабардорлигини ошириш ва мониторинг йўналишидаги фаолият 18 ёшгача бўлган болаларнинг пахта теримига жалб этилишини олдини олишга ёрдам беради. Халқаро меҳнат ташкилоти тегишли маълумотларни тақдим этиб, зарурий ёрдамни кўрсатган ҳолда ушбу чора-тадбирларни маҳаллий ҳамкорлар билан муҳокама қилмоқда.

Суҳбат иштирокчилари мониторинг натижалари билан танишиш мақсадида навбатдаги учрашувни жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказишни режалаштирдилар.