Oylik arxiv: Sentabr 2015

Жаҳон давлатлари раҳбарлари гендер масалаларини ҳал этишга бир овоздан келишдилар

World leaders are convening to personally commit to ending discrimination against women by 2030

Сана: 27 сентябрь 2015 йил, Нью-Йорк

Бугун 80га яқин давлат раҳбари 2030 йилга қадар аёллар камситилишига барҳам бериш борасидаги мажбуриятни зиммаларига олиб, ўз давлатларида мазкур масалада ўзгаришларни юзага келтирадиган аниқ чора-тадбирлар ҳақида сўз юритиш учун БМТда йиғилдилар. Тарихда илк бор давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари томонидан бундай ваъда берилиши кузатилмоқда. БМТнинг 25-27 сентябрь кунлари ўтказилган, 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Дастури ва унинг Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган Саммитда бу мавзуга сиёсий жиҳатдан энг асосий диққат-эътибор қаратилди.

Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини оширишга қаратилган мажбуриятларни қабул қилиш йўлидаги ҳаракатлар масалаларига бағишланган ушбу кенгаш Аёллар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон анжумани бўлиб ўтган Хитой Халқ Республикаси ва “БМТ – аёллар” тузилмаси томонидан олиб борилди.

Мажбуриятлар гендер тенглиги соҳасига инвестициялар кўламини кенгайтириш, барча даражаларда қарор қабул қилишда тенгликка эришиш, қонунчиликда камситиш ҳолатларини бартараф этиш, аёлларга нисбатан камситиш ва зўравонлик ҳолларига олиб келувчи ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш сингари энг долзарб масалаларни қамраб олди.

Кенгаш аввалида сўзга чиққан Хитой Халқ Республикаси Президенти Си Цзиньпин Пекин декларацияси, Ҳаракат платформаси ва шулар билан боғлиқ 2015 йилдан кейинги дастур масалаларига мувофиқ равишда бутун дунё бўйлаб аёллар ривожланиши ва “БМТ – аёллар” фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Хитой 10 млн. долларга тенг маблағ ажратишини эълон қилди. Шунингдек, турли давлатларда яшовчи қиз-аёллар ҳам тиббий хизматлар билан таъминланишини, улар таълим соҳасини молиялаш ва бошқа турдаги хизматлар орқали Хитой томонидан қўллаб-қувватланишини қайд этди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўз нутқида давлатлар раҳбарларига шундай сўзлар билан мурожаат қилди: “Сиз давлат ва ҳукумат раҳбари сифатида гендер тенглиги масаласини устувор миллий вазифа даражасига кўтаришга имконият берадиган ҳокимият ва масъулиятга эгасиз”. Нутқи давомида Бош котиб фаолиятнинг уч жиҳатини алоҳида таъкидлаб ўтди: “Мен сизни қуйидагиларни амалга оширишга чақираман: биринчидан, гендер тенглигининг изчил сиёсатини ишлаб чиқиб, уни жадал суръатларда амалга оширишга; иккинчидан, ушбу мажбуриятларни бажариш учун кенг кўламли сармоя жалб этишга; учинчидан, барча давлатлар бугун берилган ваъда борасида бир-бирлари ва шахсан ўзларига жавобгар бўлишлари учун ривожланиш жараёнини назорат қилишга”.

Давлат раҳбарларининг мазкур учрашувини 18 ой давом этган ҳамда Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси қабул қилинганининг 20 йиллигига бағишланган “БМТ – аёллар” лойиҳасининг энг авж нуқтаси бўлди, дейиш мумкин. Унда 167 мамлакат ушбу соҳадаги ютуқлари, аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш ҳамда гендер тенглигига эришишни жадаллаштирувчи ҳаракатлар бўйича янги миллий дастурларни ташкил этиш учун зарур бўлган маълумотларни ўзида акс эттирган миллий шарҳларни тақдим этди.

Батафсил маълум: unwomen.org/stepitup

Фотосуратлар: https://www.dropbox.com/sh/drqd7llcrq42s2p/AABUacuaOAQWgaesrkWTsBQIa

2016-2020 йилларга мўлжалланган янги ЮНДАФ дастурининг тақдимот маросими

UNDAF-LAUNCH-20152015 йилнинг 9 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан янги Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ) имзоланганди. 2015 йилнинг 16 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ушбу янги поғонасига бағишлаб, ЮНДАФнинг расмий тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Барча ҳаракатлар инсон учун ва унинг манфаатлари йўлида! Маълумки, БМТ томонидан илгари суриладиган жами лойиҳаларнинг устувор мақсади айнан шу тамойилга асосланади. Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳамкорлигида амалга ошириб келинаётган ишлар ҳам аввало халқ равнақи, аҳолининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясига қаратилган. Навбатдаги Тараққиётга кўмак дастури ушбу ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиши, янада такомиллашган босқичи бўлиши кўзда тутилмоқда.

UNDAF_FINAL_ENGТадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири Галина Саидова янги ЮНДАФнинг Ўзбекистон вазирлик ва идоралари ҳамда БМТ агентликлари, шунингдек, лойиҳага жалб этилган бошқа ташкилотларнинг самарали ҳамкорлиги маҳсули эканини алоҳида эътироф этди. Ушбу дастур мамлакатнинг ижтимоий йўналишдаги, айниқса соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларидаги устувор мақсадларига мутаносиблигини таъкидлади. ЮНДАФ Ўзбекистоннинг миллий, ўзига хос тараққиёт йўли билан боғлиқ талабларга жавоб беришини айтиб ўтди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили жаноб Стефан Приснер янги ЮНДАФни тузиш бўйича олиб борилган ишлар ҳақида сўзлар экан, мазкур дастур Мингйиллик ривожланиш мақсадлари (МРМ)нинг узвий давоми эканини тилга олди. ЮНДАФ БМТнинг асосий ривожланиш парадигмаларига, хусусан, инсон тараққиёти ва инсон ҳуқуқлари, шунингдек БМТ Бош Ассамблеясида муҳокамаси жорий йилнинг 25-27 сентябрь кунлари ўз ниҳоясига етадиган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га мувофиқлигини билдирди.

БМТ мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Хуршид Рустамов ЮНДАФни ишлаб чиқишда қўлланилган стратегик ёндашув, кутилаётган асосий натижалар, жорий ҳамда янги дастур ўртасидаги фарқ ва унинг молиявий томонлари, амалиётга тадбиқ этиш механизмлари ҳақида маълумот берди.

Янги ЮНДАФ дастури БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан миллий ҳамкорлар билан биргаликда белгиланган қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

  • Иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга эътибор қаратган ҳолда инклюзив иқтисодий ривожланиш;
  • Инсон салоҳиятини ошириш мақсадида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида сифатли хизматни таъминлаш;
  • Барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
  • Ижтимоий хизмат турларини яхшилаш ва ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган самарали бошқарув.

ЮНДАФ фалсафаси Ташкилотнинг бошқа лойиҳалари каби режа ва мақсадларни миллийлаштиришга асосланади, яъни маҳаллий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда, мамлакатнинг давлат дастурлари, ҳукумат олдида турган вазифаларни инобатга олган ҳолда юзага келади. Шундай экан, БМТ билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб бераётган ЮНДАФ глобал ва миллий кучларнинг бирдамликдаги ҳаракатига таяниб амалга оширилиши шубҳасиз.

Тақдимот ниҳоясида Галина Саидова ва Стефан Приснер йиғилганларга миннатдорчилик билдириб, БМТнинг 2016-2020 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон тараққиётига кўмак дастури (ЮНДАФ) лойиҳаларини ҳаётга жорий этишда барчага омад тилаб қолдилар.

Пан Ги Муннинг халқаро демократия куни муносабати билан йўллаган мурожаати

640845Фуқаролик жамияти демократия учун ҳаводек зарур.

Ҳукумат ҳамда фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги умумий мақсадларга қаратилиб, жадал ривожланаётган, барқарорлик ҳукм сураётган демократик мамлакатлар бунга яққол далилдир.

Фуқаролик жамияти ижтимоий равнақ ва иқтисодий тараққиётни ҳаракатга келтирувчи кучдир. У ҳукумат томонидан бажариладиган ишларнинг ошкора халққа етказилишини таъминлашда асосий вазифани бажаради ва аҳоли, жумладан унинг ҳимояга муҳтож қатламлари  манфаатларини илгари суришга кўмак беради.

Фуқаролик жамиятининг ўрни ҳеч қайси даврда бу қадар юқори бўлган эмас.

Яқин келажакда биз жаҳоннинг барча давлатлари билан келишган ҳолда ривожланишнинг янги илҳомбахш  дастурини амалга оширишга киришамиз.

Айни пайтда фуқаролик жамияти эркинликка тўсқинлик қилаётган ҳолатларга дуч келмоқда, ҳатто, эркин ҳаракатланиш имкониятини бой бермоқда.

Нодавлат ташкилотлари фаолиятини чекловчи ёки уларнинг молиявий ёрдам олишларига, ёхуд фаолиятлари ва молиялаштириш ишларини таъминлашга қарши чоралар кўраётган ҳукуматлар сонининг ортаётгани ташвишли холат.

Шу боис жорий йилда Халқаро демократия кунига бағишланган мавзунинг кун тартибига қўйилиши фуқаролик жамияти олдида кенг имкониятлар эшигини очади.

Келинг, шу бугунги Демократия кунида тараққиёт билан фуқаролик жамиятининг фаоллиги ўзаро узвий боғлиқ эканини ёдга олaйлик.

Ўзига ишончи собит бўлган давлат ўз фуқароларига мамлакатнинг тараққиёт йўлини белгилаш ва бу жараёнда асосий ролни бажариш имконини беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча учун демократик ва плюралистик – фикр эркинлигига таянган келажакни таъминлаш йўлида бардавомдир. Бу борада давлатлар ҳамда фуқаролик жамиятлари халқ ҳохиш-иродасига асосланган келажакни қуришда  ҳамкор-ҳамфикр бўлишлари мумкин ва лозим.

Сизга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман.

БМТ аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини оширишга доир фаолиятини давом эттирмоқда

Visit-of-Elaine-Conkievich-to-Tashkent“БМТ – аёллар” Марказий Осиёдаги минтақавий бўлинмаси директори Илейн Конкиевич БМТ Ахборот марказига берган интервьюсида навбатдаги ташрифдан кўзланган мақсад ҳақида сўзлаб берди. Ушбу мақсадлардан бири  ҳукумат ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда БМТнинг бошқа миллий ҳамкорлари билан яқин 5 йилликка мўлжалланган янги стратегик дастурни тузишга бағишланган учрашув ўтказиш бўлган. И. Конкиевич сўзларига кўра, бу жараёнда жойлардаги манфаатдор томонлар билан ўтказиладиган суҳбатлар муҳим аҳамиятга эга, зеро мазкур дастур мамлакатдаги устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда тузилмоғи лозим.

“БМТ – аёллар”нинг Марказий Осиёдаги жорий фаолияти ҳақида сўз борар экан, Конкиевич хоним аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш борасидаги амалий ҳаракатлар давом эттирилаётганини қайд этди. Тузилма томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Ушбу дастур яқин кунларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўриб чиқилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, суҳбат давомида қарор қабул қилиш жараёнида аёллар фаоллигини ошириш мақсадида вақтинча чораларни тадбиқ этишга оид тавсиялар берилди. Мазкур чоралар масъул лавозимларни эгаллаган аёллар сонини оширишга хизмат қилади.

Интервью якунида Илейн Конкиевич ушбу йўналишдаги дастурлар ҳукумат томонидан ижобий баҳоланиб, келгуси ойларда ҳаётга тадбиқ этилажагини билдирди.

Илейн Конкиевич интервьюси билан бу ерда танишишингиз мумкин.