Марказий Осиёда БМТнинг илк Эко-боғи бунёд этилди

Eco-parkБМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида иш юритувчи 200 нафардан зиёд ходим Алишер Навоий номидаги пойтахт миллий боғида БМТнинг 70 йиллик тантаналарига бағишланган экологик акцияда иштирок этди.

Мазкур тадбир  Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда ва Тошкент шаҳар ҳокимияти кўмагида амалга оширилди.

БМТнинг Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи 12та агентлиги  вакиллари  боғ ҳудудида турфа дарахтлар, жумладан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимликлар кўчатларини ўтқиздилар.

Ушбу ташаббус Ўзбекистондаги БМТ тизимининг барча тармоқлари учун рамзий аҳамиятга эгадир. Зеро, у Ташкилот ходимларини атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшиш йўлида жипслаштирди. Бу эса асосий йўналишларидан бири экологик кўмакни амалга оширишдан иборат бўлган, Барқарор ривожланиш мақсадларини ўз ичига олган янги Барқарор ривожланиш дастури билан чамбарчас боғлиқдир. Эслатиб ўтамиз, 2015 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилинган мазкур дастур 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган.

Эко-боғнинг бунёд этилиши БМТ ходимларига Ташкилот олий мақсадларига содиқликни ва Тараққиётга кўмак ғояларини илгари суриш йўлидаги фаолликни шахсий намуналари билан намойиш қилиш имконини берди. Маълумки, бу ғоялар иқтисодий имкониятларни ривожлантириш ва кенгайтириш, турмуш фаровонлиги даражасини ошириш ва атроф-муҳит муҳофазасига хизмат қилади.

Тадбирни очар экан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер ушбу кун алоҳида аҳамиятга молик эканини таъкидлади.  Боиси, бутун Марказий Осиёда илк Эко-боғга тамал тоши қўйилди.  Шунингдек, жаноб Приснер боғда униб-ўсадиган дарахтлар БМТ ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик белгиси бўлиб қолишини, демакки, акция рамзий аҳамияти ҳам эгалигини айтиб ўтди.

Очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгашининг Ижроия қўмитаси Раиси Борий Алихонов асосий вазифаси экологик масалаларни ҳал этиш бўлган Ҳаракат фаолиятига тўхталди.  Келгусида БМТ билан ҳамкорлик яна давом этишига, ушбу боғ эса пойтахтнинг энг сўлим масканларидан бирига айланиб, шаҳар кўркига кўрк қўшишига умид билдирди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир доирасида кўчат экиш билан чекланилмайди. БМТ агентликлари кейинчалик ҳам ЭКО-боғни парваришлаш ва унинг гуллаб-яшнашини таъминлаш масъулиятини зиммаларига олдилар ва бу боғ БМТнинг Ўзбекистон гуллаб-яшнашига қўшган ҳиссасининг ўзига хос рамзий белгиси бўлиб қолади.