БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакилининг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган мурожаати

25th anniversary of Uzbekistan’s independence1991 йил 1 сентабрда Ўзбекистон Республикаси суверен давлат бўлиб, ўз тарихининг янги бир даврига қадам қўйди. Жорий йилда Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлайди. Нисбатан қисқа муддат ичида мамлакат ўзининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидаги босқичма-босқич ислоҳотларини амалга ошириб, жиддий натижаларга эришди.   2000 йилда қабул қилинган Мингйиллик декларацияга имзо чеккан мамлакатлар қатори Ўзбекистон Мингйиллик тараққиёт мақсадларига эришиш йўлида салмоқли ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ушбу ютуқларнинг заминида мамлакатда барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминлангани ҳамда ижтимоий соҳада, жумладан, таълим ва солиқни сақлаш соҳаларида самарали дастурларнинг амалга оширилиши ётади. Бу ютуқлар молиявий ёрдам ва сиёсий ирода билан қувватлантирилган аниқ сиёсат ва чора-тадбирлар улкан натижаларга эришишда ёрдам бериши мумкинлигининг яққол далилидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси “Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгиланган мақсад, яъни “очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият даражасига кўтарилган жамият барпо этиш” мақсадини қўллаб-қувватлайди. Мамлакатда парламент ролини кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш мақсадида мамлакатнинг миллий қонунчилигига яқинда киритилган ўзгартиришлар мазкур тадрижий ислоҳотларнинг ёрқин мисоли бўлиб хизмат қилади. Дарҳақиқат, мамлакатнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун инсон тараққиёти, иқтисодий ривожланиш ва демократиялаштириш жараёнлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб борилиши лозим.

Мамлакат Ҳукумати билан биргаликда амалга оширилаётган дастур ва лойиҳаларимиз доирасида БМТ мамлакатнинг иқтисодий ўсишидаги ижобий суръатларни маҳаллий ва бутун мамлакат миқёсидаги самарали ижтимоий сиёсат билан тўлдиришда ўз ёрдамини бериб келмоқда. Ушбу ёрдам давлат сиёсати борасида кенг кўламли маслаҳат ва тавсиялар бериш, мамлакат салоҳиятини кучайтиришга, дунёнинг бошқа мамлакатлари билан билим ва тажриба алмашилишга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этиш орқали кўрсатиляпти. Бизнинг ҳамкорлигимиз турли соҳаларда, хусусан, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан тортиб, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш каби соҳаларда амалга оширилади. Биз мамлакатга соғлиқни сақлаш, жумладан, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек таълим ва ижтимоий муҳофаза тизимларини янада такомиллаштириш борасида ўз ёрдамимизни бериб келмоқдамиз.

Ўзбекистоннинг маданий-тарихий бойликлари, табиий ресурслари ва биологик хилма-хиллигини қўриқлашга ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз. Шунингдек, мамлакатда ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси ва ОИВ/ОИТСга қарши кураш соҳасида ҳам кенг кўламдаги чора-тадбирларни олиб борамиз.

Ўз мустақиллигини қўлга киритгач Ўзбекистон БМТнинг бир қатор конвенциялари, хусусан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳалардаги конвенцияларни имзолаган. БМТ Ўзбекистонга мазкур конвенцияларни амалга оширишда ўз ёрдамини бериб келмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Бош Ассамблеяси ҳамда БМТнинг турли махсус идора ва ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. БМТ миқёсида Ўзбекистон халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда, жумладан Марказий Осиёни Ядровий қуролдан холи ҳудуд деб эълон этиш ташаббусини алоҳида мисол қилиб кетлириш мумкин.

2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсат фаолияти концепциясида Ўзбекистон халқаро муносабатларда юзага келадиган баҳсларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш ва куч ишлатмаслик тамойиллари белгиланган. Ўзбекистон мазкур тамойилларга содиқ қолиши бизни ниҳоятда қувонтиради. Ўзбекистон халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашда БМТнинг мувофиқлаштирувчи ташкилот сифатидаги ролини тан олгани, Марказий Осиёдаги бошқа қўшни мамлакатларга нисбатан ташқи сиёсатини ҳамкорлик ва дўстона руҳда олиб боришга ўз тайёрлигини кўп маротаба намойиш этгани алоҳида эътирофга сазовор.

Яқинда, 2015 йилнинг сентабр ойида Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган бошқа мамлакатлар қаторида 2030 йилгача бўлган давр учун ишлаб чиқилган тараққиёт дастури, яъни Барқарор ривожланиш мақсадларининг қабул қилинишини қўллаб-қувватлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими Ўзбекистон Республикасининг Барқарор ривожланиш мақсадларини мамлакат шароитларига мослаштириб, уларга эришиш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва бу борада мамлакатга зарур бўлган ёрдамини беришга тайёр. Хусусан, биз 2016-2020 йилларга мўлжалланган БМТнинг тараққиёт мақсадларида Ўзбекистонга ёрдам бериш доиравий дастури асносида Ўзбекистон Республикаси билан ўрнатилган ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга умид қиламиз. Таъкидлаш лозимки, мазкур дастур Ўзбекистоннинг миллий пировард мақсад ва вазифалари ҳамда 2030 йилгача бўлган давр учун бутун дунё миқёсида қабул қилинган тараққиёт дастурига асосланган.

БМТ Ўзбекистон халқини Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги билан табриклайди, унга тараққиёт, тинчлик-тотувлик ва фаровонлик тилайди.