БМТ Бош котибининг Халқаро саводхонлик куни муносабати билан йўллаган мурожаати

Literacy Day 2016Бу йили дунё улкан ўзгаришларга етакловчи 2030 йилга қадар мўлжалланган Барқарор ривожланиш дастурини амалга оширишга киришди. Унинг кенг қамровли ва бир-бири билан боғлиқ бўлган 17 мақсади одамлар, сайёрамиз, ҳамкорлик ва тинчлик учун амалга ошириладиган ҳаракат дастуридир.

Саводхонлик 2030 йил дастурининг марказидан жой олган.  У инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва барқарор жамият учун асосдир. Саводхонлик қашшоқликни бартараф этиш ва барча инсонлар учун фаровон ҳаёт таъминлаш йўлидаги ҳаракатларимиз учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳар бир инсон сифатли таълим олиш ва узлуксиз ўқиш имкониятларига эга бўлишини кўзда тутади.

Барқарор ривожланиш мақсадларидан бири барча ёшлар ва катталарнинг асосий қисми ўқиш ва санаш кўникмаларига эга бўлишлари учун шароит яратиб беришдан иборатдир (БРМ 4).

50 йил аввал Халқаро саводхонлик куни алохида шахслар, ҳамжамиятлар ва жамиятларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш усули сифатида эълон қилинган эди. Шу вақт мобайнида биз юксак ютуқларга эришдик, аммо инсоният универсал саводхонликдан ҳали йироқ. Бугунги кунда рақамли технологиялар тобора ривожланиб ва ахборот кўпайиб бораётган дунёда янги имкониятлар яратилмоқда.

750 миллион киши саводсиз, улардан 115 миллиони ёшлардир. Учдан бир қисми – аёллар. 250 миллионга яқин мактаб ёшдаги болалар асосий кўникмаларга эга эмаслар, 124 миллион бола ва ўсмир эса умуман таълим олиш имкониятига эга эмас.

Барқарор ривожланишга тўсқинлик қилаётган бу омилларни қатъият ва ресурслар ёрдамида тегишли стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали бартараф этиш мумкин ва зарур. Мактабга бориш имкониятига эга бўлмаганларга сифатли таълим бериш имкониятини яратиш, мактабдаги таълим сифатини ошириш ва катталар учун таълим ва ўқиш усулларини ривожлантириш керак.

Ушбу Халқаро саводхонлик кунида мен барча ҳукуматлар ва уларнинг ҳамкорлари, шунингдек ҳусусий сектор вакилларини, универсал саводхонликка эришиш учун бирга ҳаракат қилишга чақираман. Шунда биз 2030 йилга қадар мўлжалланган дастур ғояларини амалга оширамиз ва инклюзив экологик барқарорликка интилган тинч ва адолатли жамиятларни барпо эта оламиз.