Oylik arxiv: Sentabr 2016

БМТ боғида Тинчлик қўнғироғи янгради

World Peace Day 2016Бугун Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳининг боғида ташкилот Бош котиби Пан Ги Мун тантанали равишда “Тинчлик қўнғироғини” чалди. Шу тариқа ҳарбий ҳаракатларга якун ясаш ва зўравонликдан воз кечишга бағишланган, ҳар йили 21 сентябрда нишонланадиган Халқаро тинчлик кунига бағишланган тадбир бошланди.

“Мен бир-бирига қарши томонларни қурол ташлашга ва барчани ўқ отмасликка чақираман. Мен уларни қотиллик ва вайронагарчиликни тўхтатиб, мустаҳкам тинчлик ўрнатишга кўмак берувчи шароит яратишга чақираман”,- деб таъкидлади БМТ Бош котиби Пан Ги Мун.

Унинг айтишича, дунёдаги низолар оилаларни ўз уйларини ташлаб, болаларни ўқиш имкониятидан маҳрум қилади, зўравонлик ва эксплуатацияга олиб келади.

“Бугун биз яна бир бор, шу одамлар келажаклари фаровон бўлишига умид билан қарашлари учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз керак”, – деди Пан Ги Мун маросимда сўзга чиқиб.

Шунингдек у ўқ отишни тўхатиш, ҳусусан, Сурияда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ниҳоятда муҳим яҳамиятга эканлигини, лекин тинчлик ўрнатиш учун қурол ташлаш етарли эмаслигини айтиб ўтди.

“Тинчликка эришиш учун воситачиларнинг фаол иштироклари, низоларни бартараф этишда дипломатиядан фойдаланиш, яраштириш ва тинчликпарварлик ишларини кучайтириш керак. Тинч ҳаёт ва соғлом сайёрада фаровон турмушнинг фазилатларини англаб етиш зарур”, – деди БМТ Бош котиби.

 

Халқаро демократия куни муносабати билан Бош котиб мурожаати

International Day of DemocracyБир йил аввал дунё давлатлари ва ҳукуматларининг раҳбарлари кейинги 15 йилга мўлжалланган барқарор ривожланиш соҳасидаги кенг кўламли дастурни қабул қилдилар. Давлатлар раҳбарлари шуни тан олдиларки, иқтисодиёт ва жамиятда ўзгаришлар рўй бериши зарур.

Одамлар озиқ-овқат ва бошпаналари бўлишини, таълим, тиббий ёрдам олиш ва бошқа иқтисодий имкониятларга эга бўлишни истайдилар. Улар қўрқувни билмасдан яшашни хохлайдилар. Улар ўз мамлакатларининг ҳукуматлари, ҳамда халқаро, миллий ва маҳаллий муассасаларга ишонч билан яшашни истайдилар. Улар инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини ва ҳаётларига таъсир қилувчи қарорларни қабул қилишда уларнинг фикрлари инобатга олинишини талаб қиладилар.

Дунёда барча учун бирдек муҳим бўлган ушбу истаклар Барқарор ривожланиш мақсадларининг ҳар бирида ўз аксини топган. Мазкур 17 мақсад одамларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган бир-бири билан узвий боғлиқ масалалар ва имкониятларнинг мураккаб тўқимасини ташкил этади. Янада фаровон келажак қурилиши биздан бир-бири билан узвий боғлиқ муаммоларга ҳар тарафлама ёндошишни талаб қилади.

Таррақиёт дастури зарҳал ҳарфлар билан битилган демократик асослардан иборат: булар ижтимоий фаровонлик, соғлиқни сақлаш ва таълим, хавфсиз атроф-муҳитни ва муносиб бандлик учун имкониятларни барча учун таъминлаш. Бевосита демократия тушунчасига 16чи мақсад бағишланган, унда очиқ жамият ва унга ҳисобдор муассасаларни барпо этишга даъват этилади.

Ушбу мақсадларнинг барчаси муҳим қонуниятларни исботлайди: самарали демократик бошқарув бутун дунёда одамлар ҳаётининг сифатини яхшилайди; бунда ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этиш ва бошқалар қаторида прогресс натижаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган одамлардан ташкил топган жамиятлар инсон салоҳиятини оширишда энг юксак марраларни эгаллайди.

Бизнинг янги дастуримиз ҳеч ким четда қолмаслигига қаратилган. Бу эса бизга деярли эшитилмайдиган ва кўринмайдиганлар, ўз фикрини билдира олмайдиганлар ёки уларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган гуруҳларга кўмак бериш демакдир. Барқарор ривожланиш соҳасидаги дастурда белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун аҳолининг энг заиф ва ёрдамга муҳтож қатламларини ўз ичига олувчи барча гуруҳларни бирлаштирувчи кучли ва ҳаракатчан фуқароли жамият шаклланишини талаб этади. Бу муҳим вазифа бажарилиши учун биз фуқаролик жамият эркинлигини ҳимоя қилишимиз зарур.

Келинг, ушбу Халқаро демократия кунида демократия ва барча учун фаровон ҳаётни таъминлаш мақсадига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.

БМТ Бош котибининг Халқаро саводхонлик куни муносабати билан йўллаган мурожаати

Literacy Day 2016Бу йили дунё улкан ўзгаришларга етакловчи 2030 йилга қадар мўлжалланган Барқарор ривожланиш дастурини амалга оширишга киришди. Унинг кенг қамровли ва бир-бири билан боғлиқ бўлган 17 мақсади одамлар, сайёрамиз, ҳамкорлик ва тинчлик учун амалга ошириладиган ҳаракат дастуридир.

Саводхонлик 2030 йил дастурининг марказидан жой олган.  У инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва барқарор жамият учун асосдир. Саводхонлик қашшоқликни бартараф этиш ва барча инсонлар учун фаровон ҳаёт таъминлаш йўлидаги ҳаракатларимиз учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳар бир инсон сифатли таълим олиш ва узлуксиз ўқиш имкониятларига эга бўлишини кўзда тутади.

Барқарор ривожланиш мақсадларидан бири барча ёшлар ва катталарнинг асосий қисми ўқиш ва санаш кўникмаларига эга бўлишлари учун шароит яратиб беришдан иборатдир (БРМ 4).

50 йил аввал Халқаро саводхонлик куни алохида шахслар, ҳамжамиятлар ва жамиятларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш усули сифатида эълон қилинган эди. Шу вақт мобайнида биз юксак ютуқларга эришдик, аммо инсоният универсал саводхонликдан ҳали йироқ. Бугунги кунда рақамли технологиялар тобора ривожланиб ва ахборот кўпайиб бораётган дунёда янги имкониятлар яратилмоқда.

750 миллион киши саводсиз, улардан 115 миллиони ёшлардир. Учдан бир қисми – аёллар. 250 миллионга яқин мактаб ёшдаги болалар асосий кўникмаларга эга эмаслар, 124 миллион бола ва ўсмир эса умуман таълим олиш имкониятига эга эмас.

Барқарор ривожланишга тўсқинлик қилаётган бу омилларни қатъият ва ресурслар ёрдамида тегишли стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали бартараф этиш мумкин ва зарур. Мактабга бориш имкониятига эга бўлмаганларга сифатли таълим бериш имкониятини яратиш, мактабдаги таълим сифатини ошириш ва катталар учун таълим ва ўқиш усулларини ривожлантириш керак.

Ушбу Халқаро саводхонлик кунида мен барча ҳукуматлар ва уларнинг ҳамкорлари, шунингдек ҳусусий сектор вакилларини, универсал саводхонликка эришиш учун бирга ҳаракат қилишга чақираман. Шунда биз 2030 йилга қадар мўлжалланган дастур ғояларини амалга оширамиз ва инклюзив экологик барқарорликка интилган тинч ва адолатли жамиятларни барпо эта оламиз.

 

 

8 сентябрь Халқаро саводхонлик куни

50th anniversary of International Literacy Day50 йилдан буён нишонланиб келаётган Халқаро саводхонлик кунининг бу йилги шиори ЮНЕСКО томонидан “Ўтмишни ўқиб, келажакни ёзамиз” деб белгиланди. 2016 йилнинг Халқаро саводхонлик кунида миллий ва халқаро ҳамжамиятлар иштироки кузатилган сўнгги 50 йилга юқори баҳо берилиб, бутун дунёда саводхонлик даражасини ошириш учун қилинган саъй-ҳаракатлар, ва шу соҳада эришилган муваффақиятлар нишонланади. Бу кунда, шунингдек, келажакда саводхонлик даражасини ошириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда янги йўлларни таклиф этиш имконияти бўлади.

50 йил аввал ЮНЕСКО расмий равишда 8 сентябрни жаҳон ҳамжамиятини фаоллаштириш ва саводхонликни алоҳида шахслар, ҳамжамиятлар ва жамиятларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш усули сифатида Халқаро саводхонлик куни деб эълон қилган эди.

Эндиликда Халқаро саводхонлик куни бутун дунёда нишонланмоқда. Уни нишонлашда ҳукуматлар, кўп тарафлама, икки тарафлама ва нодавлат ташкилотлар, ҳусусий сектор, ҳамжамиятлар, ҳамда ўқитувчилар, ўқувчилар ва шу соҳадаги мутахассислар иштирок этадилар. Мазкур кунда, шунингдек, 2030 йилга қадар мўлжалланган таълим соҳасидаги ривожланиш дастурини амалга ошириш мақсадида саводхонликни тарғиб қилишга кўмак берувчи илғор ғоялар эгаларига мукофотлар берилади.

Жорий йил 2030 йилга қадар мўлжалланган Барқарор ривожланиш соҳасидаги дастурни амалга ошириш даврининг дастлабки поғонасидир. Шу аснода, саводхонлик концепцияси ёшлар ва катталарга алоҳида эътибор берилган ҳолда, узлуксиз таълим имкониятлари билан мувофиқлаштирилган. Саводхонликнинг кенг тарқалиши 4чи Барқарор ривожланиш мақсадининг таркибий қисми бўлиб, “барча учун тўлиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, ҳамда узлуксиз ўқиш имкониятини рағбатлантириш”ни кўзда тутади. Вазифа шундан иборатки, 2030 йилга қадар барча ёшлар ва катталарнинг асосий қисми ўқиш ва санаш кўникмаларига эга бўлишлари зарур. ( БРМ 4.6.)

Халқаро саводхонлик куни бутун дунёда нишонланади. Байрам муносабати билан уюштириладиган бош тантанали тадбир ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида бўлиб ўтади. Бундан ташқари, тадбирда саводхонлик тарқалишини қўллаб-қувватлашга қаратилган Глобал альянс яратилиши ҳақида эълон қилинади. Ушбу альянс бутун умр давомидаги таълим асоси бўлган саводхонликни тарқатишга кўмак бериш мақсадида барча манфаатдор томонлар ҳаракатини бирлаштиришга қаратилган янги ва истиқболли ташаббусдир.