Антониу Гутерриш номзоди БМТ Бош котиби лавозимига тавсия этилди

António Guterres - next UN Secretary-General

06.10.2016 — Португалиянинг собиқ Бош вазири Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши томонидан БМТнинг тўққизинчи Бош котиби лавозимига тавсия этилди.

Бу ҳақда Хавфсизлик кенгашининг раиси, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин хабар берди. Унинг айтишича, бу қарор бир овозда қабул қилинди. Кенгаш раиси Бош Ассамблея мазкур масалани тез кунда кўриб чиқишига умид қилди.

Ушбу лавозимга 2007 йилда тайинланган Пан Ги Мун ваколатлари жорий йилнинг 31 декабр куни якунланади. Амалдаги Бош котиб сўзларига кўра, Антониу Гутерриш: “уйларини тарк этишга мажбур бўлган миллионлаб одамларга ҳамдард бўлди. Португалия бош вазири лавозимидаги тажрибаси, жаҳон сиёсатига тегишли чуқур билимлари ва ўткир зеҳни Бирлашган Миллатлар Ташкилотини мураккаб даврда бошқаришда унга ёрдам беради”.

Хавфсизлик кенгашининг қарори муҳим тарихий воқеа хисобланади: аввалги БМТ Бош котиблари ёпиқ эшик ортида бешта доимий давлатлар томонидан тайинланган бўлса, бу гал тарихда илк бор ҳар бир номзод очиқ музокаралар давомида кўриб чиқилди.

Номзод сифатида тақдим этилган нутқида Гутерриш ўз фаолиятини Лиссабондаги қамбағал ҳамюртларига ёрдам беришдан бошлаганини эсга олиб, БМТнинг барча дастур ва лойиҳалари диққат марказида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари бўлиши кераклигини қайд этди. БМТ Бош котиби сифатида у ташкилот  фаолиятини мувофиқлаштириб, уч асосий соҳа – тинчлик, инсон тараққиёти ва инсон ҳуқуқларининг ҳимоясига тегишли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган стратегияни қўллашга ваъда берди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолият дискриминация ҳолатларидан ва сиёсий манфаатлардан ҳоли бўлиши зарурлигини ҳам эътироф этди.

Халқаро ҳамжамият низоларни бартараф этиш ва терроризм билан кураш соҳаларида самарасизликка учраётганини таъкидлаб, превентив дипломатияни мустаҳкамлаш орқали бу ҳолатни ўзгартиришга ваъда берди.

1949 йилнинг 30 апрел куни Лиссабон шаҳрида туғилган Антониу Гутерриш муҳандислик ва физика соҳалари бўйича Олий техника институтида таҳсил олиб, 1974 йилда Социалистик партияга (Португалия) аъзо бўлди. 1995 йилда  Португалия Бош вазири этиб тайинланди. 2005 йилнинг июн ойидан бошлаб 2015 йилнинг декабр ойига қадар эса БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари лавозимида фаолият юритди.