Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан Бош котиб мурожаати

World-food-day-2016

Сайёрамиз аҳолисининг сони кўпайиб бормоқда, шу боис биз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондиришимиз зарур. Аммо иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳаво ҳароратининг кескин ўсиши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва бутун дунё бўйлаб қурғоқчилик ва сув тошқинларининг тез-тез содир бўлиши экотизимлар, қишлоқ ҳўжалиги ва жамиятнинг озиқ-овқат маҳсулотларини етарли даражада етиштириш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан жаҳондаги энг ночор одамлар жабр кўрмоқда. Уларнинг 70 фоизини қишлоқ ҳўжалиги, балиқ овлаш ва чорвачилик билан кун курадиган кишилар ташкил этади.

Бугунги Бутунжаҳон озиқ-овқат кунида биз иқлим ўзгариши, барқарор қишлоқ ҳўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатланиш хавфсизлигининг узвий боғлиқлигига “Иқлим ўзгармоқда – озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимлари ва қишлоқ ҳўжалиги ҳам ўзгариши керак” шиори остида эътибор қаратмоқчимиз. Соҳадаги ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар туфайли миллионлаб одамлар қашшоқлик ва очликка маҳкум бўладилар. Бу эса машаққат билан эришилган муваффақиятларимиз ва Барқарор ривожланиш мақсадларига етишиш имкониятини хавф остига қўяди.

Қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимлари тиклана оладиган, сермаҳсул, инклюзив ва барқор бўлиши зарур. Озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун давлатлар ўзларининг иқлим ўзгаришига доир иш режаларида озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги муаммоларига эътибор беришлари ва қишлоқлар ривожланишига кўпроқ маблағ ажратишлари керак. Ушбу соҳаларга қилинадиган инвестициялар ташқи таъсирларга нисбатан уларнинг мустаҳкамлигини, даромад ва кичик фермер ҳўжаликлари меҳнатининг унумдорлигини оширишга имкон бериб, миллионлаб одамларни қашшоқликдан халос этади. Улар глобал буғ газларининг чиқиндиларини камайтириб, экотизимлар ва одамларнинг саломатлиги ва фаровонлигини сақлашга ёрдам беради.

Кейинги ойда иқлим ўзгариши ҳақидаги тарихий Париж келишуви кучга киради. Бу эса бутун дунё бўйлаб буғ газлари чиқиндиларининг камайишига қаратилган ҳаракатларга, ҳаво ҳарорати кўтарилишини чеклашга ва иқлим ўзгаришидан келиб чиққан талабларга жавоб берувчи барқарор қишлоқ ҳўжалиги барпо этилишига туртки бўлади.

Ушбу Бутунжаҳон озиқ-овқат кунида мен барча давлатлар ва уларнинг ҳамкорларини иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва одилона ижтимоий-иқтисодий тараққиёт муаммоларини биргаликда ҳар томонлама ҳал қилинишига чақираман. Хозирги ва келажак авлодлар фаровонлиги бизнинг бугунги ҳаракатларимизга боғлиқ. Фақатгина ҳамкорликда ишлаб биз дунёни очлик ва қашшоқликдан халос этиб, барча инсонлар тинч ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун шароит яратишимиз мумкин.