Ўзбекистонда БМТ куни

UN Day 2016

2016 йилнинг 21 октябр куни Тошкентдаги «Рэдиссон Блю» меҳмонхонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг 71 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда аккредитация қилинган БМТ агентликларининг вакиллари иштирок этдилар.

Анжуман бошида ташкилот номидан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер сўзга чиқди. У БМТ куни тинчлик ва хавфсизлик, тараққиётни таъминлаш, гуманитар масалалар ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда БМТнинг тутган ўрни, ҳамда давлатларнинг ташкилот қадриятлари ва тамойилларига содиқлигини намойиш қилиш учун имкон беришини айтди.

Глобал муаммолар ва таҳдидларга жавобан БМТ бошчилигида давлатлар 2030 йилга қадар мўлжалланган ва дунёни тубдан ўзгартиришга қодир барқарор ривожланиш дастурини қабул қилдилар. Дастурда адолат ҳукм сурадиган, инсон ҳуқуқлари ва тенглик таъминланиб барчани қамраб оладиган дунёни барпо этиш кўзда тутилган. Ушбу дастур марказида барқарор ривожланишнинг уч тамойили – иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт ва атроф-муҳит муҳофазасини чамбарчас боғловчи ва барчани, айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва келажак авлоднинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган 17та Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ва уларга бириктирилган 169та вазифа туради. Кириш сўзида жаноб Приснер, шунингдек, мазкур дастур барқарор ривожланишнинг ажралмас қисми бўлган инсон ҳуқуқлари ва унинг эркинлигини таъминлашга қаратилганини айтиб ўтди.

Матбуот анжумани давомида 2010 – 2015 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ) доирасидаги БМТнинг Ўзбекистонда ҳукумат билан ҳамкорликда амалга ошираётган фаолиятининг асосий натижалари ҳақида сўз борди. Ушбу давр мобайнида БМТ лойиҳалари ва дастурлари ёрдамида бандлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг иқтисодий хавфсизлигини, таълим, соғлиқни сақлаш хизматларинининг сифатини ошириш, табиий ва маданий ресурсларни оқилона ишлатиш, адлия тизимига мурожаат қилиш йўлларини соддалаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган турли ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида 162 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

2016 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги тизими 2016-2020 йилларга мўлжалланган ЮНДАФ доирасида иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси ва самарали бошқарув соҳаларида икки йиллик режаларни амалга оширишга киришди. Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда ишлаб чиқилган жорий ЮНДАФ дастури БРМ билан узвий боғлиқ бўлиб, унда мамлакат тараққиётидаги устувор вазифалар акс этган.

Матбуот анжумани давомида мамлакатда БРМни маҳаллий шароитларига мослаштириш ва барқарор тараққиётга эришишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқишга доир фаолият аҳамиятига тўхтаб ўтилди. Ушбу жараёнда БМТ тизими Ўзбекистон ҳукуматига, ЮНДАФ доирасида миллий БРМларни ҳаётга тадбиқ қилишга кўмак беришга тайёрлиги ҳақида айтилди.