Oylik arxiv: Oktabr 2016

Ўзбекистонда БМТ куни

UN Day 2016

2016 йилнинг 21 октябр куни Тошкентдаги «Рэдиссон Блю» меҳмонхонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг 71 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда аккредитация қилинган БМТ агентликларининг вакиллари иштирок этдилар.

Анжуман бошида ташкилот номидан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер сўзга чиқди. У БМТ куни тинчлик ва хавфсизлик, тараққиётни таъминлаш, гуманитар масалалар ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда БМТнинг тутган ўрни, ҳамда давлатларнинг ташкилот қадриятлари ва тамойилларига содиқлигини намойиш қилиш учун имкон беришини айтди.

Глобал муаммолар ва таҳдидларга жавобан БМТ бошчилигида давлатлар 2030 йилга қадар мўлжалланган ва дунёни тубдан ўзгартиришга қодир барқарор ривожланиш дастурини қабул қилдилар. Дастурда адолат ҳукм сурадиган, инсон ҳуқуқлари ва тенглик таъминланиб барчани қамраб оладиган дунёни барпо этиш кўзда тутилган. Ушбу дастур марказида барқарор ривожланишнинг уч тамойили – иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт ва атроф-муҳит муҳофазасини чамбарчас боғловчи ва барчани, айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва келажак авлоднинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган 17та Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ва уларга бириктирилган 169та вазифа туради. Кириш сўзида жаноб Приснер, шунингдек, мазкур дастур барқарор ривожланишнинг ажралмас қисми бўлган инсон ҳуқуқлари ва унинг эркинлигини таъминлашга қаратилганини айтиб ўтди.

Матбуот анжумани давомида 2010 – 2015 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ) доирасидаги БМТнинг Ўзбекистонда ҳукумат билан ҳамкорликда амалга ошираётган фаолиятининг асосий натижалари ҳақида сўз борди. Ушбу давр мобайнида БМТ лойиҳалари ва дастурлари ёрдамида бандлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг иқтисодий хавфсизлигини, таълим, соғлиқни сақлаш хизматларинининг сифатини ошириш, табиий ва маданий ресурсларни оқилона ишлатиш, адлия тизимига мурожаат қилиш йўлларини соддалаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган турли ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида 162 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

2016 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги тизими 2016-2020 йилларга мўлжалланган ЮНДАФ доирасида иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси ва самарали бошқарув соҳаларида икки йиллик режаларни амалга оширишга киришди. Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда ишлаб чиқилган жорий ЮНДАФ дастури БРМ билан узвий боғлиқ бўлиб, унда мамлакат тараққиётидаги устувор вазифалар акс этган.

Матбуот анжумани давомида мамлакатда БРМни маҳаллий шароитларига мослаштириш ва барқарор тараққиётга эришишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқишга доир фаолият аҳамиятига тўхтаб ўтилди. Ушбу жараёнда БМТ тизими Ўзбекистон ҳукуматига, ЮНДАФ доирасида миллий БРМларни ҳаётга тадбиқ қилишга кўмак беришга тайёрлиги ҳақида айтилди.

Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан Бош котиб мурожаати

World-food-day-2016

Сайёрамиз аҳолисининг сони кўпайиб бормоқда, шу боис биз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондиришимиз зарур. Аммо иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳаво ҳароратининг кескин ўсиши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва бутун дунё бўйлаб қурғоқчилик ва сув тошқинларининг тез-тез содир бўлиши экотизимлар, қишлоқ ҳўжалиги ва жамиятнинг озиқ-овқат маҳсулотларини етарли даражада етиштириш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан жаҳондаги энг ночор одамлар жабр кўрмоқда. Уларнинг 70 фоизини қишлоқ ҳўжалиги, балиқ овлаш ва чорвачилик билан кун курадиган кишилар ташкил этади.

Бугунги Бутунжаҳон озиқ-овқат кунида биз иқлим ўзгариши, барқарор қишлоқ ҳўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатланиш хавфсизлигининг узвий боғлиқлигига “Иқлим ўзгармоқда – озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимлари ва қишлоқ ҳўжалиги ҳам ўзгариши керак” шиори остида эътибор қаратмоқчимиз. Соҳадаги ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар туфайли миллионлаб одамлар қашшоқлик ва очликка маҳкум бўладилар. Бу эса машаққат билан эришилган муваффақиятларимиз ва Барқарор ривожланиш мақсадларига етишиш имкониятини хавф остига қўяди.

Қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимлари тиклана оладиган, сермаҳсул, инклюзив ва барқор бўлиши зарур. Озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун давлатлар ўзларининг иқлим ўзгаришига доир иш режаларида озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги муаммоларига эътибор беришлари ва қишлоқлар ривожланишига кўпроқ маблағ ажратишлари керак. Ушбу соҳаларга қилинадиган инвестициялар ташқи таъсирларга нисбатан уларнинг мустаҳкамлигини, даромад ва кичик фермер ҳўжаликлари меҳнатининг унумдорлигини оширишга имкон бериб, миллионлаб одамларни қашшоқликдан халос этади. Улар глобал буғ газларининг чиқиндиларини камайтириб, экотизимлар ва одамларнинг саломатлиги ва фаровонлигини сақлашга ёрдам беради.

Кейинги ойда иқлим ўзгариши ҳақидаги тарихий Париж келишуви кучга киради. Бу эса бутун дунё бўйлаб буғ газлари чиқиндиларининг камайишига қаратилган ҳаракатларга, ҳаво ҳарорати кўтарилишини чеклашга ва иқлим ўзгаришидан келиб чиққан талабларга жавоб берувчи барқарор қишлоқ ҳўжалиги барпо этилишига туртки бўлади.

Ушбу Бутунжаҳон озиқ-овқат кунида мен барча давлатлар ва уларнинг ҳамкорларини иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва одилона ижтимоий-иқтисодий тараққиёт муаммоларини биргаликда ҳар томонлама ҳал қилинишига чақираман. Хозирги ва келажак авлодлар фаровонлиги бизнинг бугунги ҳаракатларимизга боғлиқ. Фақатгина ҳамкорликда ишлаб биз дунёни очлик ва қашшоқликдан халос этиб, барча инсонлар тинч ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун шароит яратишимиз мумкин.

БМТ Бош Ассамблеяси Антониу Гутерришни Бош котиб лавозимига тайинлади

António Guterres appointed next UN Secretary-GeneralБугун Бош Ассамблея собиқ БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари, Португалиялик Антониу Гутерришни Хавфсизлик кенгашининг тавсияси бўйича БМТ Бош котиби лавозимига тайинлади. Унинг фаолияти 2017 йил 1 январдан бошлаб 2021 йил 31 декабрига қадар давом этади.

Бош Ассамблея қарори эълон қилингандан сўнг Антониу Гутерриш БМТ ва унинг асосий қадриятлари: тинчлик, адолат, инсон қадр-қиммати ва бирдамликка бўлган ишончи қатъий эканлигини айтди ва ташкилотни ушбу тамойилларга асосланган ҳолда бошқаришга ваъда берди.

Шунингдек, у фаолиятидаги асосий вазифалар гендер тенглигини ўрнатиш ва аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини, ҳусусан қочоқлар ва ҳарбий низолар ҳудудида яшовчи шаҳсларни ҳимоя қилишдан иборат бўлишини қайд этди.

“БМТ қандай қийинчиликларга дуч келишини ва Бош котиб ишини чекловчи тўсиқлар қанчалар кўплигини тушунаман, – деди Антониу Гуттериш. – Бугунги мураккаб дунёда муаммоларни ҳал қилиш учун Бош котиб ташкилотчи, воситачи сифатида чиқиб барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олувчи ечимларни топишга ёрдам бериши керак”.

 

Антониу Гутерриш номзоди БМТ Бош котиби лавозимига тавсия этилди

António Guterres - next UN Secretary-General

06.10.2016 — Португалиянинг собиқ Бош вазири Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши томонидан БМТнинг тўққизинчи Бош котиби лавозимига тавсия этилди.

Бу ҳақда Хавфсизлик кенгашининг раиси, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин хабар берди. Унинг айтишича, бу қарор бир овозда қабул қилинди. Кенгаш раиси Бош Ассамблея мазкур масалани тез кунда кўриб чиқишига умид қилди.

Ушбу лавозимга 2007 йилда тайинланган Пан Ги Мун ваколатлари жорий йилнинг 31 декабр куни якунланади. Амалдаги Бош котиб сўзларига кўра, Антониу Гутерриш: “уйларини тарк этишга мажбур бўлган миллионлаб одамларга ҳамдард бўлди. Португалия бош вазири лавозимидаги тажрибаси, жаҳон сиёсатига тегишли чуқур билимлари ва ўткир зеҳни Бирлашган Миллатлар Ташкилотини мураккаб даврда бошқаришда унга ёрдам беради”.

Хавфсизлик кенгашининг қарори муҳим тарихий воқеа хисобланади: аввалги БМТ Бош котиблари ёпиқ эшик ортида бешта доимий давлатлар томонидан тайинланган бўлса, бу гал тарихда илк бор ҳар бир номзод очиқ музокаралар давомида кўриб чиқилди.

Номзод сифатида тақдим этилган нутқида Гутерриш ўз фаолиятини Лиссабондаги қамбағал ҳамюртларига ёрдам беришдан бошлаганини эсга олиб, БМТнинг барча дастур ва лойиҳалари диққат марказида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари бўлиши кераклигини қайд этди. БМТ Бош котиби сифатида у ташкилот  фаолиятини мувофиқлаштириб, уч асосий соҳа – тинчлик, инсон тараққиёти ва инсон ҳуқуқларининг ҳимоясига тегишли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган стратегияни қўллашга ваъда берди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолият дискриминация ҳолатларидан ва сиёсий манфаатлардан ҳоли бўлиши зарурлигини ҳам эътироф этди.

Халқаро ҳамжамият низоларни бартараф этиш ва терроризм билан кураш соҳаларида самарасизликка учраётганини таъкидлаб, превентив дипломатияни мустаҳкамлаш орқали бу ҳолатни ўзгартиришга ваъда берди.

1949 йилнинг 30 апрел куни Лиссабон шаҳрида туғилган Антониу Гутерриш муҳандислик ва физика соҳалари бўйича Олий техника институтида таҳсил олиб, 1974 йилда Социалистик партияга (Португалия) аъзо бўлди. 1995 йилда  Португалия Бош вазири этиб тайинланди. 2005 йилнинг июн ойидан бошлаб 2015 йилнинг декабр ойига қадар эса БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари лавозимида фаолият юритди.