БМТнинг Доимий вакили томонидан янги 2017 йилни нишонлаш муносабати билан йўлланган мурожаати

Азиз дўстлар,

Аввало, сизни БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси номидан янги 2017 билан табриклайман!

2016 йил – мамлакат ҳамда бутун дунё миқёси миқёсида – чигал масалалар ва шу билан бирга янги имкониятлар йили бўлди.

2016 йилда БМТга аъзо бўлган барча 193 та мамлакат томонидан қабул қилинган 2030 йилгача бўлган даврга белгиланган тараққиёт йўлига асос солувчи Барқарор тараққиёт мақсадлари (БТМ) дастури бошланди. БТМнинг “ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамоилини ҳаётга тадбиқ этиш учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишга шароит яратувчи минимал стандартлар ва шартларга бўйсунадиган барқарор институтлар зарур.

2016 йилда иқлим ўзгаришига қарши курашга доир Париж келишуви ратификация этилиб, мазкур соҳада кенг кўламли ишларга асос солинди. Ҳозирги кунда мазкур келишувни 191 та мамлакат имзолаб, 81 та мамлакат ратификация қилди. Ушбу келишув 21-аср муаммоси деб аталмiш иқлим ўзгаришига қарши чора-тадбирларни тезлаштиришга қаратилган.

Шунингдек, 2016 йилда Португалия вакили Антониу Гутерриш БМТнинг янги (тўққизинчи) Бош котиби этиб сайланди. 2017 йил 1 январ кунидан бошлаб жаноб Гутерриш ўз вазифаларини бажаришга киришди ва у барча мамлакатлар манфаати йўлида ҳамда барча инсонлар фаровонлиги учун ишлашга ваъда қилди.

Мамлакат миқёсида, 2016 йилда Ўзбекистон халқи мамлакатнинг илк Президенти Ислом Каримов жаноби олийларининг бевақт вафот этишини бошдан кечирди. Шунингдек, мазкур йилда яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ғолиб бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистон халқини сайланган янги Президент ва тайинланган янги Ҳукумат раҳбари билан табриклайман.

Бизнинг Ўзбекистон Ҳукумати билан амалга оширилаётган ҳамкорлигимизга келсак, биз 2016 йилда Барқарор тараққиёт мақсадларини Ўзбекистон шароитларига мослаштириш жараёнига ҳукумат томонидан қўлланилган мажмуавий ёндашувни қўллаб-қувватлаймиз. Биз мазкур жараённинг бир қисми бўлганимиздан, мазкур мақсадларни локализация қилишда БМТ экспертлик салоҳиятни мамлакатга тақдим этганимиздан ниҳоятда мамнунмиз.

Барқарор тараққиёт мақсадларига мувофиқ, 2016 йилда БМТ 2016-2020 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури, яъни Тараққиёт мақсадларида Ўзбекистонга ёрдам бериш доиравий дастури (ЮНДАФ) асносида Ўзбекистон Ҳукумати билан ўз ҳамкорлигини давом эттирмоқда. Ушбу доиравий дастур миллий устувор мақсадлар ҳамда халқаро меъёрий база, жумладан Барқарор тараққиёт мақсадлари ва БМТнинг ратификация этилган конвенцияларига асосланган.

Ишонаманки, бизнинг унумдор ҳамкорлигимиз 2017 йилда давом этиб, янада мустаҳкам бўлади. Биз 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, ва 2017-2021 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда Ўзбекистон Ҳукуматига ўз ёрдамимизни беришга тайёрмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистон халқига янги 2017 йилда, авваламбор, соғлик-саломатлик, фаровонлик ва бахт тилайман. Ўзбекистон Ҳукумати ҳамда бошқа ҳамкорларимиз билан биргаликда янгидан-янги лойиҳалар доирасида Ўзбекистон халқининг тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш йўлида янада кенг кўламли ишларни амалга оширишга умид қиламан.