БМТда мусулмонларга нисбатан камситишларга қарши курашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

UN chief Guterres tells forum on combatting anti-Muslim discriminationБугун БМТ бош қароргоҳида мусулмонларга нисбатан камситишларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги форум бўлиб ўтди. Унинг иштирокчиларига мурожаати чоғида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш камситишларнинг ҳар қандай кўринишларини танқид қилиб, барча мазҳаблар вакилларининг ҳимоясига қаратилган янги кампания ҳақида эълон қилди.

«Дискриминация барчамизни обрўимизга путур етказади. У одамлар ва жамиятнинг салоҳияти ҳар тарафлама амалга оширилишига йўл бермайди. Биз барча динлар ва БМТ низоми асосидаги умумий бирлик, бир-биримизга нисбатан бағрикенглик ва бир-биримизни тушуна олиш каби қадриятларга таянишимиз зарур”, – деди Бош котиб Канада, АҚШ, Ислом ҳамкорлигининг ташкилоти ва Европа иттифоқи ташаббуслари бўйича ташкил этилган форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.

Антониу Гутерришга кўра нафрат ва камситишларнинг бошқа кўринишлари ксенофобия, расизм ва антисемитизм сингари умумий гуманистик қадриятларга путур етказади.

Бош котиб мазҳабларни низо ҳолатига келтирувчи ҳаракатларга қарши туриш, сиёсат, маданият ва иқтисодиёт соҳаларидаги бирликни таъминловчи чораларни қўллашга чақирди. Унга кўра миллий ва маданий турфалик таҳдид эмас, бойлик сифатида қабул қилиниши зарур.

БМТ Бош котиби барча одамлар учун ҳурмат, хавфсизлик ва қадр-қимматни таъминлашга қаратилган янги ташаббус ҳақида эълон қилди. “Бу кампанияни биз “Биргаликда, барча учун” деб номладик. Келинг, биргаликда камситишларга қарши курашамиз ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун ҳаракат қиламиз… Бизнинг мусулмон биродарларимиз, бутун инсоният учун”, – деди БМТ раҳбари.