«Марказий Осиёда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш» мавзусидаги халқаро анжуман

International Conference on development of organic agriculture2017 йил 22-24 август кунлари Тошкент шаҳри Whynham Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда «Марказий Осиёда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш» мавзусидаги халқаро илмий-техник анжуман ташкил этилди. 24 август куни анжуман иширокчилари ҳудуднинг анъанавий ва органик қишлоқ хўжалиги бўйича салоҳияти билан танишиш мақсадида Самарқанд вилояти Тойлоқ туман «Сиёб Шавкат Орзу» фермер хўжалигида бўлдилар.

Тошкентда кечган анжуманда Европа ва Осиё мамлакатларидан органик қишлоқ хўжалиги (ОҚХ) билан шуғулланувчи етук олимлар ва экспертлар иштирок этди. Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида шаклланган кўп асрлик анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти азалдан маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик тамойилларига асосланганлиги хуштаъмга ва истеъмол хусусиятларига эга бўлган экологик тоза мева ва сабзавотлар етиштириш имконини беради. Бундай маданият минтақада органик ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга эканлигини кўрсатади.

Анжуман доирасида органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича МДҲ ва Европа давлатларининг тажрибалари намойиш этилди, ОҚХни ривожлантириш ва унинг жараёнларини умумлаштириш бўйича тажриба алмашинилди, органик ишлаб чиқариш учун институционал ва илмий асосларни яратиш ҳамда органик қонунчиликни яратиш ва мустаҳкамлаш  бўйича муаммолар ва уларнинг ечимига бағишлган масалалар муҳокама қилинди, органик қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги билимларни кенгайтириш ва унинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ва қишлоқ минтақаларни ривожлантиришга таъсири, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти имкониятларини оширишда тутган ўрни муҳокама қилинди, шунингдек, минтақа ва жаҳон миқёсида органик маҳсулот бозорлари тенденцияси ва истиқболда ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.

International Conference on development of organic agricultureТадбирда қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, савдо ва стандартлаштириш соҳаларининг масъул давлат идоралари вакиллари, ишбилармон доира, халқаро ташкилот вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишди. Жумладан, анжуманда Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати бўйича халқаро федерация (IFOAM)нинг Осиёдаги президенти қатнашди ва анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиқди.

Анжуманнинг назарий сессияларидан сўнг, 24 август куни анжуман иштирокчилари Самарқанд вилоятидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш заводларидан бирида бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасида иштирок этишди ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳудудда қўлланилаётган илғор тажрибалар ва экспорт имкониятлари билан танишишди.