Шаҳарлар ривожланиши янги дастурининг ҳаётга тадбиқ этилиш жараёни БМТда муҳокама этилди

New urban agendaБМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида ўтган йили Эквадорда қабул қилинган шаҳарлар ривожланишининг янги дастурини амалга ошириш жараёни муҳокама этилди. Кенгаш бошида БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад урбанизациянинг жадал суръатлари ва унинг оқибатлари ҳақида эслатиб ўтди. У шаҳарларнинг барқарор ривожланишига эришишнинг долзарблиги ва шу соҳада БМТ салоҳиятидан фойдаланишга чақирди.

Амина Муҳаммаднинг айтишича, шаҳарларда иш жойлари, технологиялар жамланган, у ерда фаол иқтисодий тараққиёт кузатилмоқда. Бутун дунёда шаҳарлар турфалик ва инновациялар марказидир. Шу билан бирга БМТ вакили шиддатли урбанизация аҳоли пунктларининг тўлиб кетишига, уларнинг ифлосланишига, буғ газлари чиқиндиларининг кўпайишига, шаҳар аҳолисининг қашшоқлашишига олиб келишини қайд этди.

БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари табиий офатлар ва уларнинг оқибатларини камайтириш ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш масаласи катта муаммо бўлиб келаётганини айтди. Шунингдек, у БМТ тизими барқарор урбанизациянинг янги концепциясига янада мувофиқ тарзда иш юритиши зарурлигини таъкидлади.

Янги дастур барча муаммоларни ҳал қилишга, ҳамда аҳолининг барча қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган. Дастурда алоҳида эътибор шаҳар аҳолисининг ёрдамга муҳтож қатламлари – ночорлар, болалар, кексалар ва ногиронларга қаратилган.