Muallif Arxivlari: bobirkomilov

БМТда мусулмонларга нисбатан камситишларга қарши курашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

UN chief Guterres tells forum on combatting anti-Muslim discriminationБугун БМТ бош қароргоҳида мусулмонларга нисбатан камситишларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги форум бўлиб ўтди. Унинг иштирокчиларига мурожаати чоғида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш камситишларнинг ҳар қандай кўринишларини танқид қилиб, барча мазҳаблар вакилларининг ҳимоясига қаратилган янги кампания ҳақида эълон қилди.

«Дискриминация барчамизни обрўимизга путур етказади. У одамлар ва жамиятнинг салоҳияти ҳар тарафлама амалга оширилишига йўл бермайди. Биз барча динлар ва БМТ низоми асосидаги умумий бирлик, бир-биримизга нисбатан бағрикенглик ва бир-биримизни тушуна олиш каби қадриятларга таянишимиз зарур”, – деди Бош котиб Канада, АҚШ, Ислом ҳамкорлигининг ташкилоти ва Европа иттифоқи ташаббуслари бўйича ташкил этилган форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.

Антониу Гутерришга кўра нафрат ва камситишларнинг бошқа кўринишлари ксенофобия, расизм ва антисемитизм сингари умумий гуманистик қадриятларга путур етказади.

Бош котиб мазҳабларни низо ҳолатига келтирувчи ҳаракатларга қарши туриш, сиёсат, маданият ва иқтисодиёт соҳаларидаги бирликни таъминловчи чораларни қўллашга чақирди. Унга кўра миллий ва маданий турфалик таҳдид эмас, бойлик сифатида қабул қилиниши зарур.

БМТ Бош котиби барча одамлар учун ҳурмат, хавфсизлик ва қадр-қимматни таъминлашга қаратилган янги ташаббус ҳақида эълон қилди. “Бу кампанияни биз “Биргаликда, барча учун” деб номладик. Келинг, биргаликда камситишларга қарши курашамиз ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун ҳаракат қиламиз… Бизнинг мусулмон биродарларимиз, бутун инсоният учун”, – деди БМТ раҳбари.

 

БМТнинг Доимий вакили томонидан янги 2017 йилни нишонлаш муносабати билан йўлланган мурожаати

Азиз дўстлар,

Аввало, сизни БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси номидан янги 2017 билан табриклайман!

2016 йил – мамлакат ҳамда бутун дунё миқёси миқёсида – чигал масалалар ва шу билан бирга янги имкониятлар йили бўлди.

2016 йилда БМТга аъзо бўлган барча 193 та мамлакат томонидан қабул қилинган 2030 йилгача бўлган даврга белгиланган тараққиёт йўлига асос солувчи Барқарор тараққиёт мақсадлари (БТМ) дастури бошланди. БТМнинг “ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамоилини ҳаётга тадбиқ этиш учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишга шароит яратувчи минимал стандартлар ва шартларга бўйсунадиган барқарор институтлар зарур.

2016 йилда иқлим ўзгаришига қарши курашга доир Париж келишуви ратификация этилиб, мазкур соҳада кенг кўламли ишларга асос солинди. Ҳозирги кунда мазкур келишувни 191 та мамлакат имзолаб, 81 та мамлакат ратификация қилди. Ушбу келишув 21-аср муаммоси деб аталмiш иқлим ўзгаришига қарши чора-тадбирларни тезлаштиришга қаратилган.

Шунингдек, 2016 йилда Португалия вакили Антониу Гутерриш БМТнинг янги (тўққизинчи) Бош котиби этиб сайланди. 2017 йил 1 январ кунидан бошлаб жаноб Гутерриш ўз вазифаларини бажаришга киришди ва у барча мамлакатлар манфаати йўлида ҳамда барча инсонлар фаровонлиги учун ишлашга ваъда қилди.

Мамлакат миқёсида, 2016 йилда Ўзбекистон халқи мамлакатнинг илк Президенти Ислом Каримов жаноби олийларининг бевақт вафот этишини бошдан кечирди. Шунингдек, мазкур йилда яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ғолиб бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистон халқини сайланган янги Президент ва тайинланган янги Ҳукумат раҳбари билан табриклайман.

Бизнинг Ўзбекистон Ҳукумати билан амалга оширилаётган ҳамкорлигимизга келсак, биз 2016 йилда Барқарор тараққиёт мақсадларини Ўзбекистон шароитларига мослаштириш жараёнига ҳукумат томонидан қўлланилган мажмуавий ёндашувни қўллаб-қувватлаймиз. Биз мазкур жараённинг бир қисми бўлганимиздан, мазкур мақсадларни локализация қилишда БМТ экспертлик салоҳиятни мамлакатга тақдим этганимиздан ниҳоятда мамнунмиз.

Барқарор тараққиёт мақсадларига мувофиқ, 2016 йилда БМТ 2016-2020 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури, яъни Тараққиёт мақсадларида Ўзбекистонга ёрдам бериш доиравий дастури (ЮНДАФ) асносида Ўзбекистон Ҳукумати билан ўз ҳамкорлигини давом эттирмоқда. Ушбу доиравий дастур миллий устувор мақсадлар ҳамда халқаро меъёрий база, жумладан Барқарор тараққиёт мақсадлари ва БМТнинг ратификация этилган конвенцияларига асосланган.

Ишонаманки, бизнинг унумдор ҳамкорлигимиз 2017 йилда давом этиб, янада мустаҳкам бўлади. Биз 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, ва 2017-2021 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда Ўзбекистон Ҳукуматига ўз ёрдамимизни беришга тайёрмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистон халқига янги 2017 йилда, авваламбор, соғлик-саломатлик, фаровонлик ва бахт тилайман. Ўзбекистон Ҳукумати ҳамда бошқа ҳамкорларимиз билан биргаликда янгидан-янги лойиҳалар доирасида Ўзбекистон халқининг тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш йўлида янада кенг кўламли ишларни амалга оширишга умид қиламан.

Антониу Гутерриш ўз фаолиятини ислоҳотлардан бошлашини айтди

Secretary-General António Guterres on his first day in officeЎзининг биринчи иш кунида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш БМТ тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва бюрократияга якун ясаш зарурлигини қайд қилди. БМТ ходимларига мурожаат қилар экан, у биргаликда асосий муаммоларни ҳал қилиб, ташкилот қадриятларига содиқ қолишга чақирди.

Антониу Гутерриш мураккаб даврда яшаётганимизни, дунёда глобал терроризм пайдо бўлиб, қочоқларни ҳимоялашдаги халқаро ҳуқуқлар ҳам поймол қилинаётгани ва баъзи мамлакатларнинг чегаралари қочоқлар учун берк эканлигини эслатди.

Шунингдек, у иқтисодий ва технологик прогресс билан биргаликда қашшоқлик даражаси пасаяётганини, аммо шу билан бир вақтда бутун дунёда тенгсизлик кескин равишда кучайиб бораётганини қайд этди.

Бундан ташқари Бош котиб аҳоли сонининг кўпайиши ва иқлим ўзгариши каби масалаларни давлатларнинг ўзи ҳал қилишга қодир эмаслигини айтди. У мураккаб глобал муаммоларни ҳал қилиш учун БМТ кўмагида бутун дунё вакиллари иштирок этиши зарурлиги, аммо хозирда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга бўлган ишонч йўқолаётганини ҳам айтди.

БМТ кўплаб инсонлар ҳаётини қутқаришга улкан ҳисса қўшганлигини қайд этиб, Бош котиб ташкилот фаолиятида камчиликлар ҳам борлигини тан олди ва шу сабабли ундаги бюрократик унсурлардан қутулиб, тизимдаги иш жараёнини такомиллаштириш кераклигини таъкидлади.

БМТнинг янги Бош котиби Антониу Гутерриш: 2017 йил тинчлик йили бўлсин

UN Chief Antonio GuterresБугун мен Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби лавозимида иш бошлар эканман, мени бир савол қийнамоқда: низолардан жабр кўраётган, урушлардан чексиз азоб-уқубат тортаётган миллионлаб одамларга қандай ёрдам бериш мумкин?

Тинч аҳоли бомба ва ўқ остида кун кечирмоқда. Аёллар, болалар ва эркаклар ҳалок бўлишмоқда, майиб бўлишмоқда ва барини йўқотиб, умидсизликка учраб ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишмоқда. Зарбалардан хаттоки касалхоналар ва автоколонналар ҳам пана топмаётир.

Бу урушларда ҳеч ким ғалаба қозонмайди, барча мағлуб бўлади. Триллионлаб долларлар ижтимоий ва иқтисодий асосларни барбод қилиш учун сарфланади ва шу ўринда ишончсизлик ва қўрқув гардишини янада тезроқ айлантиради ва бу аҳвол кўпгина йиллар давомида сақланиб қолиши мумкин.

Бутун минтақалардаги мувозанат бузилиб келмоқда, бугун ҳеч ким глобал терроризм таҳдидидан ҳимояланмаган.

Ушбу Янги йилда барчангизни мен билан биргаликда ўз елкангизга бир мажбуриятни олишга чақираман. Келинг, тинчликка эришишни ўзимиз учун асосий вазифа деб белгилаймиз. 2017 йил барчамиз – оддий фуқаролар, ҳукуматлар ва раҳбарлар учун барча келишмовчиликларни енгиш йили бўлсин. Келинг, сиёсий ёндошувларимиздаги фарқларга қарамасдан, кундалик ҳаётимизда бирдамлик ва ҳамдардликка мурожаат қилиб бир-биримизга ҳурматда бўлайлик.

Келинг жанг майдонида ўқни тўхтатиб, музокаралар давомида сиёсий масалаларнинг ечимларини топамиз. Бизнинг мақсадимиз ва йўлчи юлдузимиз – тинчлик бўлиши керак.

Бизнинг ягона инсоний оиламизнинг ҳаракатлантирувчи барча кучлар – муносиб ҳаёт кечиришга, прогресс ва фаровонликка бўлган умид ва интилиш тинчликда яшаш имкониятига бевосита боғлиқ. Бу эса бизларга боғлиқ.

Барчангизни мен билан биргаликда бугун ва ҳар куни тинчлик учун курашиш мажбуриятини олишга чақираман.

2017 йил – тинчлик йили бўлсин!

Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни

World Science Day for Peace and DevelopmentИлм-фанда йўналишлар жуда кўп. Илмий ютуқлар эвазига дунё тобора ривожланмоқда. Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни биз учун илм-фаннинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида яна бир бор фикр юритишимиз учун имкониятдир. 2016 йилда илм-фанни оммалаштиришда илмий марказлар ва музейларнинг муҳим аҳамиятини таъкидлаш лозим.

Жамият ҳаётида барчанинг иштироки демократиянинг асосий тамойили ва мамлакат фуқароларининг салоҳиятини оширишда зарур бўлган омилдир. Илм-фанни оммалаштириш фуқароларни жамият ҳаётига жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, илмий марказлар ва музейлар нафақат илмий ютуқлар ҳақида маълумот берувчи манбалардир. Улар орқали одамларда атрофимиздаги ҳаёт ҳақида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлиш имконияти  пайдо бўлади. Музей ёки илмий марказлар бизни билимлар билан бойитади, ижодий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Илмий марказ ва музейлардаги экскурсиялар ўқув дастурларга ажойиб қўшимча бўла олади, ёшларда илм-фанга бўлган қизиқишни кучайтиради, илмий прогресс ҳақидаги ёлғон тушунчалардан ҳалос бўлишга ёрдам беради.

Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни 2001 йилда ЮНЕСКО Бош анжуманида (31С/20 резолюция) 1999 йилда Будапештда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бутунжаҳон анжумани ва Бутунжаҳон илм-фан кенгаши томонидан белгиланган мажбуриятлар доирасида таъсис этилган.

Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни халқаро ҳамжамиятга инсон ҳаёти фаровонлиги учун тинчлик ва тараққиёт сари илм-фан ютуқларидан фойдаланиш зарурлиги ҳақида эслатиш учун хизмат қилади. Ушбу кун илм-фан аҳамиятини жамиятга хизмат қилувчи омил сифатида оммалаштиришга хизмат қилади.

 

Ўзбекистонда БМТ куни

UN Day 2016

2016 йилнинг 21 октябр куни Тошкентдаги «Рэдиссон Блю» меҳмонхонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг 71 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда аккредитация қилинган БМТ агентликларининг вакиллари иштирок этдилар.

Анжуман бошида ташкилот номидан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер сўзга чиқди. У БМТ куни тинчлик ва хавфсизлик, тараққиётни таъминлаш, гуманитар масалалар ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда БМТнинг тутган ўрни, ҳамда давлатларнинг ташкилот қадриятлари ва тамойилларига содиқлигини намойиш қилиш учун имкон беришини айтди.

Глобал муаммолар ва таҳдидларга жавобан БМТ бошчилигида давлатлар 2030 йилга қадар мўлжалланган ва дунёни тубдан ўзгартиришга қодир барқарор ривожланиш дастурини қабул қилдилар. Дастурда адолат ҳукм сурадиган, инсон ҳуқуқлари ва тенглик таъминланиб барчани қамраб оладиган дунёни барпо этиш кўзда тутилган. Ушбу дастур марказида барқарор ривожланишнинг уч тамойили – иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт ва атроф-муҳит муҳофазасини чамбарчас боғловчи ва барчани, айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва келажак авлоднинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган 17та Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ва уларга бириктирилган 169та вазифа туради. Кириш сўзида жаноб Приснер, шунингдек, мазкур дастур барқарор ривожланишнинг ажралмас қисми бўлган инсон ҳуқуқлари ва унинг эркинлигини таъминлашга қаратилганини айтиб ўтди.

Матбуот анжумани давомида 2010 – 2015 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ) доирасидаги БМТнинг Ўзбекистонда ҳукумат билан ҳамкорликда амалга ошираётган фаолиятининг асосий натижалари ҳақида сўз борди. Ушбу давр мобайнида БМТ лойиҳалари ва дастурлари ёрдамида бандлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг иқтисодий хавфсизлигини, таълим, соғлиқни сақлаш хизматларинининг сифатини ошириш, табиий ва маданий ресурсларни оқилона ишлатиш, адлия тизимига мурожаат қилиш йўлларини соддалаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган турли ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида 162 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

2016 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги тизими 2016-2020 йилларга мўлжалланган ЮНДАФ доирасида иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси ва самарали бошқарув соҳаларида икки йиллик режаларни амалга оширишга киришди. Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда ишлаб чиқилган жорий ЮНДАФ дастури БРМ билан узвий боғлиқ бўлиб, унда мамлакат тараққиётидаги устувор вазифалар акс этган.

Матбуот анжумани давомида мамлакатда БРМни маҳаллий шароитларига мослаштириш ва барқарор тараққиётга эришишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқишга доир фаолият аҳамиятига тўхтаб ўтилди. Ушбу жараёнда БМТ тизими Ўзбекистон ҳукуматига, ЮНДАФ доирасида миллий БРМларни ҳаётга тадбиқ қилишга кўмак беришга тайёрлиги ҳақида айтилди.

Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан Бош котиб мурожаати

World-food-day-2016

Сайёрамиз аҳолисининг сони кўпайиб бормоқда, шу боис биз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондиришимиз зарур. Аммо иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳаво ҳароратининг кескин ўсиши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва бутун дунё бўйлаб қурғоқчилик ва сув тошқинларининг тез-тез содир бўлиши экотизимлар, қишлоқ ҳўжалиги ва жамиятнинг озиқ-овқат маҳсулотларини етарли даражада етиштириш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан жаҳондаги энг ночор одамлар жабр кўрмоқда. Уларнинг 70 фоизини қишлоқ ҳўжалиги, балиқ овлаш ва чорвачилик билан кун курадиган кишилар ташкил этади.

Бугунги Бутунжаҳон озиқ-овқат кунида биз иқлим ўзгариши, барқарор қишлоқ ҳўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатланиш хавфсизлигининг узвий боғлиқлигига “Иқлим ўзгармоқда – озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимлари ва қишлоқ ҳўжалиги ҳам ўзгариши керак” шиори остида эътибор қаратмоқчимиз. Соҳадаги ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар туфайли миллионлаб одамлар қашшоқлик ва очликка маҳкум бўладилар. Бу эса машаққат билан эришилган муваффақиятларимиз ва Барқарор ривожланиш мақсадларига етишиш имкониятини хавф остига қўяди.

Қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимлари тиклана оладиган, сермаҳсул, инклюзив ва барқор бўлиши зарур. Озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун давлатлар ўзларининг иқлим ўзгаришига доир иш режаларида озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги муаммоларига эътибор беришлари ва қишлоқлар ривожланишига кўпроқ маблағ ажратишлари керак. Ушбу соҳаларга қилинадиган инвестициялар ташқи таъсирларга нисбатан уларнинг мустаҳкамлигини, даромад ва кичик фермер ҳўжаликлари меҳнатининг унумдорлигини оширишга имкон бериб, миллионлаб одамларни қашшоқликдан халос этади. Улар глобал буғ газларининг чиқиндиларини камайтириб, экотизимлар ва одамларнинг саломатлиги ва фаровонлигини сақлашга ёрдам беради.

Кейинги ойда иқлим ўзгариши ҳақидаги тарихий Париж келишуви кучга киради. Бу эса бутун дунё бўйлаб буғ газлари чиқиндиларининг камайишига қаратилган ҳаракатларга, ҳаво ҳарорати кўтарилишини чеклашга ва иқлим ўзгаришидан келиб чиққан талабларга жавоб берувчи барқарор қишлоқ ҳўжалиги барпо этилишига туртки бўлади.

Ушбу Бутунжаҳон озиқ-овқат кунида мен барча давлатлар ва уларнинг ҳамкорларини иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва одилона ижтимоий-иқтисодий тараққиёт муаммоларини биргаликда ҳар томонлама ҳал қилинишига чақираман. Хозирги ва келажак авлодлар фаровонлиги бизнинг бугунги ҳаракатларимизга боғлиқ. Фақатгина ҳамкорликда ишлаб биз дунёни очлик ва қашшоқликдан халос этиб, барча инсонлар тинч ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун шароит яратишимиз мумкин.

БМТ Бош Ассамблеяси Антониу Гутерришни Бош котиб лавозимига тайинлади

António Guterres appointed next UN Secretary-GeneralБугун Бош Ассамблея собиқ БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари, Португалиялик Антониу Гутерришни Хавфсизлик кенгашининг тавсияси бўйича БМТ Бош котиби лавозимига тайинлади. Унинг фаолияти 2017 йил 1 январдан бошлаб 2021 йил 31 декабрига қадар давом этади.

Бош Ассамблея қарори эълон қилингандан сўнг Антониу Гутерриш БМТ ва унинг асосий қадриятлари: тинчлик, адолат, инсон қадр-қиммати ва бирдамликка бўлган ишончи қатъий эканлигини айтди ва ташкилотни ушбу тамойилларга асосланган ҳолда бошқаришга ваъда берди.

Шунингдек, у фаолиятидаги асосий вазифалар гендер тенглигини ўрнатиш ва аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини, ҳусусан қочоқлар ва ҳарбий низолар ҳудудида яшовчи шаҳсларни ҳимоя қилишдан иборат бўлишини қайд этди.

“БМТ қандай қийинчиликларга дуч келишини ва Бош котиб ишини чекловчи тўсиқлар қанчалар кўплигини тушунаман, – деди Антониу Гуттериш. – Бугунги мураккаб дунёда муаммоларни ҳал қилиш учун Бош котиб ташкилотчи, воситачи сифатида чиқиб барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олувчи ечимларни топишга ёрдам бериши керак”.

 

Антониу Гутерриш номзоди БМТ Бош котиби лавозимига тавсия этилди

António Guterres - next UN Secretary-General

06.10.2016 — Португалиянинг собиқ Бош вазири Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши томонидан БМТнинг тўққизинчи Бош котиби лавозимига тавсия этилди.

Бу ҳақда Хавфсизлик кенгашининг раиси, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин хабар берди. Унинг айтишича, бу қарор бир овозда қабул қилинди. Кенгаш раиси Бош Ассамблея мазкур масалани тез кунда кўриб чиқишига умид қилди.

Ушбу лавозимга 2007 йилда тайинланган Пан Ги Мун ваколатлари жорий йилнинг 31 декабр куни якунланади. Амалдаги Бош котиб сўзларига кўра, Антониу Гутерриш: “уйларини тарк этишга мажбур бўлган миллионлаб одамларга ҳамдард бўлди. Португалия бош вазири лавозимидаги тажрибаси, жаҳон сиёсатига тегишли чуқур билимлари ва ўткир зеҳни Бирлашган Миллатлар Ташкилотини мураккаб даврда бошқаришда унга ёрдам беради”.

Хавфсизлик кенгашининг қарори муҳим тарихий воқеа хисобланади: аввалги БМТ Бош котиблари ёпиқ эшик ортида бешта доимий давлатлар томонидан тайинланган бўлса, бу гал тарихда илк бор ҳар бир номзод очиқ музокаралар давомида кўриб чиқилди.

Номзод сифатида тақдим этилган нутқида Гутерриш ўз фаолиятини Лиссабондаги қамбағал ҳамюртларига ёрдам беришдан бошлаганини эсга олиб, БМТнинг барча дастур ва лойиҳалари диққат марказида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари бўлиши кераклигини қайд этди. БМТ Бош котиби сифатида у ташкилот  фаолиятини мувофиқлаштириб, уч асосий соҳа – тинчлик, инсон тараққиёти ва инсон ҳуқуқларининг ҳимоясига тегишли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган стратегияни қўллашга ваъда берди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолият дискриминация ҳолатларидан ва сиёсий манфаатлардан ҳоли бўлиши зарурлигини ҳам эътироф этди.

Халқаро ҳамжамият низоларни бартараф этиш ва терроризм билан кураш соҳаларида самарасизликка учраётганини таъкидлаб, превентив дипломатияни мустаҳкамлаш орқали бу ҳолатни ўзгартиришга ваъда берди.

1949 йилнинг 30 апрел куни Лиссабон шаҳрида туғилган Антониу Гутерриш муҳандислик ва физика соҳалари бўйича Олий техника институтида таҳсил олиб, 1974 йилда Социалистик партияга (Португалия) аъзо бўлди. 1995 йилда  Португалия Бош вазири этиб тайинланди. 2005 йилнинг июн ойидан бошлаб 2015 йилнинг декабр ойига қадар эса БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари лавозимида фаолият юритди.

 

БМТ боғида Тинчлик қўнғироғи янгради

World Peace Day 2016Бугун Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳининг боғида ташкилот Бош котиби Пан Ги Мун тантанали равишда “Тинчлик қўнғироғини” чалди. Шу тариқа ҳарбий ҳаракатларга якун ясаш ва зўравонликдан воз кечишга бағишланган, ҳар йили 21 сентябрда нишонланадиган Халқаро тинчлик кунига бағишланган тадбир бошланди.

“Мен бир-бирига қарши томонларни қурол ташлашга ва барчани ўқ отмасликка чақираман. Мен уларни қотиллик ва вайронагарчиликни тўхтатиб, мустаҳкам тинчлик ўрнатишга кўмак берувчи шароит яратишга чақираман”,- деб таъкидлади БМТ Бош котиби Пан Ги Мун.

Унинг айтишича, дунёдаги низолар оилаларни ўз уйларини ташлаб, болаларни ўқиш имкониятидан маҳрум қилади, зўравонлик ва эксплуатацияга олиб келади.

“Бугун биз яна бир бор, шу одамлар келажаклари фаровон бўлишига умид билан қарашлари учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз керак”, – деди Пан Ги Мун маросимда сўзга чиқиб.

Шунингдек у ўқ отишни тўхатиш, ҳусусан, Сурияда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ниҳоятда муҳим яҳамиятга эканлигини, лекин тинчлик ўрнатиш учун қурол ташлаш етарли эмаслигини айтиб ўтди.

“Тинчликка эришиш учун воситачиларнинг фаол иштироклари, низоларни бартараф этишда дипломатиядан фойдаланиш, яраштириш ва тинчликпарварлик ишларини кучайтириш керак. Тинч ҳаёт ва соғлом сайёрада фаровон турмушнинг фазилатларини англаб етиш зарур”, – деди БМТ Бош котиби.