Bo‘lim arxivi: Танловлар

БМТ XI – “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлов иштирокчиларини маҳсус совғалар билан тақдирлади

Oltin Qalam (Golden Pen), an ultimate accolade for excellence in journalism in UzbekistanМана ўн йилдирки, 3 май, Жаҳон матбуоти эркинлиги куни Тошкентда “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Бу йил, 11-маротаба бўлиб ўтган тадбирда анъанага кўра БМТ нинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси томонидан фаол журналистларга рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.

Oltin Qalam (Golden Pen) 2016Танлов ташкил этилгандан буён 222 нафар журналист ғолиб бўлди, 70га яқин ижодкорлар халқаро ҳамкорлар мукофотига сазовор бўлдилар. Бу йилги танловда эса 510 нафар журналистлар 8500дан ортиқ ижодий маҳсулотлари билан иштирок этишди, дейди Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари ва “Олтин қалам” танлови ташкилий қўмитаси раиси Ўктам Мирзаёр.

The UNESCO prize on Oltin qalamМукофотлаш маросими БМТнинг маҳсус совғаларини тақдим этиш билан бошланди. ЮНЕСКОнинг  “Орол денгизи ҳудудининг барқарор ривожланишида аёлларнинг ўрни” мавзуидаги энг яхши ижодий иш учун маҳсус мукофоти ва ушбу мавзудаги халқаро анжуманга таклифнома  журналист Роза Ҳамидовага насиб этди. Совғаларни ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат топширди. БМТ ахборот бўлими эса “Ёшлар масалаларини онлайн тарзда ёритиш”  бўйича энг яхши ижодий иш учун журналист Мастура Ҳамроевани тақдирлади.

UNIC-Oltinqalam-20162016 йилги “Олтин қалам” бош мукофотига  “Тошкент” телерадиоканалининг ижодий жамоаси лойиқ топилди. Интернет журналистика, телевидение, радио ва босма нашрлар йўналиши бўйича 12 нафар иқтидорли журналистлар (ҳар бир йўналиш бўйича учтадан) асосий мукофотларга ҳамда халқаро ва жамоат ташкилотларининг маҳсус совғаларига сазовор бўлишди.

“Ҳаётимнинг ижобий томони!” мавзуидаги иншолар танловида ОИТС/ОИВ вируси билан яшаётган ўсмирлар БМТ томонидан тақдирландилар

UN presents awards to adolescents living with HIV for best essays2015 йилда Халқаро ОИТСга қарши кураш  куни арафасида ушбу касаллик билан яшаётган ўсмирларни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТнинг Ўзбекистондаги агентлиги томонидан “Ҳаётимнинг ижобий томони!” мавзуида энг яхши иншолар танлови эълон қилинган эди. Танловга 10 ёшдан 19 ёшгача бўлган, ОИТС билан хасталанган ўсмирлар таклиф этилди. Жорий йилнинг 12 январида эса БМТ идорасида энг яхши иншо муаллифларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер ушбу ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган интилишини, фаоллигини, жасорат ва кучли бардош эгаси эканликларини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ОИТС билан хасталанган ўсмирларга кўрсатилаётган кўмакни янада яхшилаш учун, БМТ ва ушбу соҳада фаолият олиб бораётган барча инсонлар ёшларнинг истак, хоҳиш ва интилишларини англашлари лозим, дея таъкидлади.

Тақдирлаш маросимидан сўнг, БМТ болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Роберт Фудерич йигит ва қизларнинг келажакда ким бўлмоқчи, қайси касбни эгалламоқчи эканликлари билан қизиқди. Улар ҳеч иккиланмай ва қатъий ишонч билан келгусида эгалламоқчи бўлган соҳалари, орзуларидаги касб ҳақида гапириб беришди. Болалар ёш бўлишига қарамай, келажакдаги режаларини ҳозирданоқ тузиб қўйганликлари жаноб Приснерни ҳайратга солди. Шундай қатъий ишонч бор экан, улар албатта ўз орзуларига етадилар, деди у. Ёшларнинг қобилияти ва интилувчанлиги тез орада улкан муваффақиятга олиб келади, дея ишонч билдирди Жаноб Фудерич. БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури минтақавий идораси вакили Комилжон Аҳмедов ҳам ўз ўрнида ёшларнинг фаоллигини ва етакчилик қобилиятларини эътироф этиб ўтди.

Танловда иштирок этган ўсмирлар ҳам БМТ томонидан кўрсатилган эътибор, шунингдек, ўз ҳаётлари, орзу ва интилишлари ҳақида сўзлаб бериш имконияти пайдо бўлганлигидан, бу эса ўз ўрнида уларга етишиш йўлларини белгилаб олишда ёрдам берганлигидан ва энг асосийси – фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиш имконияти яратилганлигидан миннатдор эканликларини айтиб ўтишди.

Ушбу ўсмирларнинг аксарияти БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари томонидан қўллаб-қувватланадиган “тенгдош-тенгдошга” усули бўйича олиб борилаётган таълимий инновацион лойиҳанинг аъзолари хисобланадилар.

Қуйида эса биринчи ўринга лойиқ топилган иншо билан танишишингиз мумкин! Ғолибни яна бир маротаба табриклаймиз!

ОИТС хасталиги билан яшаётган ўғил болаларга тавсияларим!!!

Мен 17 ёшдаман. Бу касаллик билан 2006 йилдан буён яшайман. Ҳозир мен антиретровирус (АРВТ) муолажаларини қабул қилаяпман. АРВТ менинг ҳаётимда жуда катта ахамиятга эга, чунки менинг умрим давомийлиги шу препаратга боғлиқ. 2012 йилда мен ўсмирларни қўллаб-қувватлаш гуруҳига аъзо бўлдим ва ўз тенгдошларимга мадад кўрсатишда ҳамда керакли тавсияларни беришда фаол қатнашиб келаяпман. Ушбу гуруҳда мен “тенгдош-тенгдошга” усули бўйича ишлайман. Вақтимни фойдали амалларга сарфлаш мақсадида гуруҳ раҳбари билан ОИТС инфекцияси билан касалланган меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига зарур тавсилар ва кўникмалар бераман. Бу хасталикка чалинган инсонлар мақсадли ва мазмунли фаолият билан шуғулланмоқлари лозим. Вафодор дўстлар ва севимли инсонларнинг қуршови эса хасталикка чалинган одам учун жуда катта аҳамиятга эга. Уларнинг кўмаги ва ёрдами кучга куч қўшади, иммун тизимига салбий стресслар таъсирини камайтиради. Агар бундай одамлар бўлмаса, умумий ҳолат ёмонлашиб, саломатликка янада зиён етади. ОИТСга чалинган ҳар бир инсон ҳамма каби келажакка ишонч ва улкан режалар билан яшашга хақли.

Мен ўз тенгдошларим ва дўстларимга шуларни айтган бўлар эдим:

Менинг нотаниш дўстларим!!!

Мен сенинг кимлигингни, ёшингни ва нима билан шуғулланишингни билмайман. Мен сенинг аввал қандай яшаганинг ва ҳозир қандай яшаётганлигингни билмайман, лекин шуни ишонч билан айта оламанки, олдинда сени бахтли ва ёрқин кунлар кутяпти! Сен ҳозир тақдирнинг оғир синовидан ўтаяпсан. Бу синовдан бардош билан ўтишингга ва куч топа олишингга ишонаман. Йўлингда пайдо бўладиган қийинчиликларни енгиб, уларни яхшилик томон йўйишингга, ўз ҳаётингни изга солиб, яхши инсон бўлишингга ишонаман. Чунки, кейинги ҳаётинг қандай бўлиши ва уни қандай яшаб ўтишинг фақат ўзинггагина боғлиқ. Биз қанча яшаймиз, бу Оллоҳгагина аён. Аммо умрнинг ҳар бир сониясини қадрлаб, ундан баҳра олишни ўрган.

Ҳар бир қадамингни қадрига ет! Ҳар бир нафасингни қадрига ет! Ҳар бир кун, ҳар бир соатни қадрига ет!

Севишни ўрган ва кечиришни ҳам бил!

Ҳеч нарсадан афсусланма, хурсандчилик билан яшаб ўт! Орзу қил ва унга етишишга ҳаракат қил!

Сен кучлисан! Йўлингдан тойма, виждонингга қулоқ тут! Шахс бўлиб етиш!

Умрни қадрла, ва энг асосийси – ҳеч қачон тушкунликка тушма, ҳаммаси яхши бўлади!

Мен бахтлиман ва ақлни шоширадиган орзуларим ортидан бораяпман, ишонаманки, СЕН ҲАМ ШУНДАЙ ҚИЛА ОЛАСАН!

 

Ўзбекистонда Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан журналистлар тақдирландилар

31 май куни журналистика соҳасида “Олтин қалам” Х Миллий мукофоти халқаро танловининг ғолиблари эълон қилинди. Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан ўтказиладиган ушбу танловда ЮНЕСКО, Жаҳон банки, БМТ Ахборот маркази вакиллари ҳам ўзларининг маҳсус совринлари билан журналистларни тақдирладилар.

2Бу йилги танловда интернет-журналистика, телевидение, радио ва босма ОАВ соҳаларида фаолият кўрсатаётган 676 журналист 15 000га яқин материаллари билан қатнашди. Бош мукофот илм-фан, техника тараққиёти, дунёнинг ривожланган давлатлари билан иқтисодий алоқаларнинг ривожланиб бораётгани, буюк аждодларимиз мероси ҳамда иқтидорли ёшларнинг изланишларига бағишланган кўрсатувлари учун «UzReport TV» каналига берилди. Барча йўналишлар бўйича 12 асосий, ҳамда халқаро ва жамоат ташкилотларнинг маҳсус мукофотлари топширилди.

1ЮНЕСКО мукофоти “Орол денгизи минтақасидаги барқарор ривожланиш мақсадида экологик журналистика бўйича энг яхши материал учун” “Улуғ йўл” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари Нигора Шофайзиевага берилди. «Қадрият» газетасининг мухбири Марям Аҳмедова Жаҳон банкининг “Муқобил энергия манбаларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш масалалари ҳақидаги энг яхши материал учун” берилган мукофоти билан тақдирланди. БМТ Ахборот марказининг маҳсус совғаси “Интернет орқали ривожланиш масалалари  кенг ёритилгани учун” ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети аудиовизуал журналистика ва оммавий коммуникация кафедраси мудири Наргис Қосимовага топширилди.

Инновацион лойиҳалар танловининг ғолиблари ўз ғояларини амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар

Enterprise_award_2014Ўзбекистоннинг 1400дан зиёд коллежларида таҳсил олаётган 20 000 талаба ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган инновацион ғояларни амалга ошириш имкониятини берувчи танловда иштирок этдилар.

21 ноябр куни “Энг яхши инновацион лойиҳа – 2014” республика танловининг сўнгги босқичида Ўзбекистон ёшларининг энг илғор ва долзарб лойиҳалари тақдим этилди.

Лойиҳалар танлови шу йилнинг сентябр ойидан бошлаб уч босчиқда бўлиб ўтди. Дастлабки босқичда коллеж миқёсида, иккинчи босқичда  вилоят миқёсида энг яхши жамоа танланди. Учинчи босқич ғолибларини аниқлаш учун ҳар бир вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 14та жамоа танловга йўлланма олди.

Сўнгги босқичда ҳар бир жамоа вакиллари ўз лойиҳаларини 5 дақиқа давомида тақдим этиб ҳайъат аъзоларининг саволларига жавоб бердилар. Лойиҳалар ижтимоий хизмат, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, IT-хизматлар, қишлоқ ҳўжалиги ва таълим соҳаларига оид бўлиб, ҳайъат аъзолари томонидан ва www.markaz.uz сайтида овоз бериш орқали баҳоланди.

Умумий баҳолаш натижасида керак бўлмаган нарсалардан янги буюмлар ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга имконият берувчи “Эко-колледж” лойиҳасини тақдим этган Самарқанд жамоаси танлов ғолиби деб топилди. Хазон, мева ва сабзавотлар, тухум пўчоқлари каби органик чиқиндилардан экологик жиҳатдан соф ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Эко-эволюция” лойиҳаси билан Бухоро жамоаси иккинчи ўринга сазовар бўлди. Кофе ўрнига “Арпадан тайёрланган ичимлик”ни таклиф этган Фарғона жамоаси учинчи ўрин ғолиби бўлди. Андижонлик талабалар эса ўзларининг “Қуёшдан қўшимча энергия олиш” бўйича ғоялари учун “Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва кўнгиллилик” лойиҳасининг маҳсус совринига эга бўлдилар.

Танлов ташкилотчилари томонидан ажратилган 2,5 млн. сум ғолиб деб топилган уч жамоа лойиҳаларини амалга ошириш учун имконият беради.

Танлов Британия кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси ўрта-махсус касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистан савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва БМТ Тараққиет дастурининг “Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва кўнгиллилик” лойиҳаси билан ҳамкорликда ўтказилди.