Bo‘lim arxivi: Янгиликлар

Тинчлик ғояларини илгари суришда таълимнинг аҳамияти

Emportance of education

Таълим зўравонсизлик, тенглик ва ўзаро ҳурмат ғояларини илгари суришда қудратли омил бўлиши керак. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеяси 71чи сессиясининг раиси Питер Томсон тинчлик маданиятига бағишланган Ассамблея кенгашида сўз юритди. У сайёрамизнинг барқарорлиги, фаровонлиги ва саломатлигига таъсир кўрсатаётган таҳдидлар ҳақида эслатди.

“Биз фарзандларимизни баҳсларни тинчлик йўли билан ҳал қилишга, адолатсизлик ва муросасизликка қарши туриш учун зарур бўлган билим ва таълим билан таъминлашимиз, шунингдек, уларни дискриминация ва нафратнинг барча турларини рад этишга ўргатишимиз керак”, – деди Питер Томсон.

Унинг сўзларига кўра, тинч ва адолатли жамиятларни барпо этиш асосан қашшоқликни бартараф этиш, инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлашга боғлиқ. Питер Томсон барча давлатларни маданият ва динларaрo ўзаро ҳурмат қилиш сиёсатини амалга оширишга чақирди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўз ўрнида барча давлатларга таълимга, ҳамда ёшлар ўз имкониятларини амалга ошира олишлари учун зарур шароитларни яратишга янада кўпроқ маблағ ажратишларини тавсия қилди. Бош котиб номидан Бош Ассамблея кенгашида унинг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ана Мариа Менендес қатнашди.

 

Ўзбекистонда маҳалла тизими ривожлантирилмоқда

mahalla

Ўзбекистон ҳукумати БМТда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида хабар берди. 100дан ортиқ норматив- ҳуқуқий актлар ўзини ўзи бошқариш органларининг мамлакатнинг маълум соҳаларидаги иштирокини тартибга солиб келмоқда. Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг муассасаларидан бири – маҳалладир.

Шу ҳафтада БМТ штаб-квартирасида Ислом ҳамкорлиги ташкилотидаги раислигининг Ўзбекистондан Кот д’Ивуарга ўтказилиш маросими бўлиб ўтди. Раис лавозимидаги сўнгги кенгаш доирасида Ўзбекистон вакили “Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг ноёб институти” мавзусида брифинг ўтказди.

Бундан аввал БМТ Бош ассамблеяси 71 сессиясининг расмий ҳужжати сифатида Ўзбекистондаги маҳалла тизимига бағишланган маълумот тарқатилган эди.

Ҳужжатда “Кўп миллатли ўзбек халқининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий ва умуминсоний қадриятлари, маданияти, турмуш тарзи, фикрлаши ва маънавиятининг сақланишида маҳалланинг аҳамияти беқиёс бўлган”, дея қайд этилган.

Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105 моддасида қайд этилган ўзини ўзи бошқаришнинг ҳудудий бўлимлари сифатида фуқаролар йиғинларигa берилган ҳуқуқий ваколатлар ҳақида ҳам таъкидланган.

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини амалга ошириш доирасида 100дан ортиқ норматив-ҳуқуқий актларда ўзини ўзи бошқариш органларининг қатор соҳалардаги иштироки қайд этилган”, – деб ҳужжатда таъкидланган. Ундаги маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 000га яқин фаол фуқаролар йиғини аввал жойлардаги давлат органларининг зиммасида бўлган 30дан ортиқ ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни муваффақият билан амалга оширмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, маҳалла янада фаол тизимга, “ўзбек халқининг ҳақиқий кўмакдоши – одамлар ўз фикр ва таклифларини билдира оладиган, ўз ташвишлари ҳақида маълум қила оладиган муассасига айланиши зарур.

 

«Марказий Осиёда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш» мавзусидаги халқаро анжуман

International Conference on development of organic agriculture2017 йил 22-24 август кунлари Тошкент шаҳри Whynham Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда «Марказий Осиёда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш» мавзусидаги халқаро илмий-техник анжуман ташкил этилди. 24 август куни анжуман иширокчилари ҳудуднинг анъанавий ва органик қишлоқ хўжалиги бўйича салоҳияти билан танишиш мақсадида Самарқанд вилояти Тойлоқ туман «Сиёб Шавкат Орзу» фермер хўжалигида бўлдилар.

Тошкентда кечган анжуманда Европа ва Осиё мамлакатларидан органик қишлоқ хўжалиги (ОҚХ) билан шуғулланувчи етук олимлар ва экспертлар иштирок этди. Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида шаклланган кўп асрлик анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти азалдан маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик тамойилларига асосланганлиги хуштаъмга ва истеъмол хусусиятларига эга бўлган экологик тоза мева ва сабзавотлар етиштириш имконини беради. Бундай маданият минтақада органик ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга эканлигини кўрсатади.

Анжуман доирасида органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича МДҲ ва Европа давлатларининг тажрибалари намойиш этилди, ОҚХни ривожлантириш ва унинг жараёнларини умумлаштириш бўйича тажриба алмашинилди, органик ишлаб чиқариш учун институционал ва илмий асосларни яратиш ҳамда органик қонунчиликни яратиш ва мустаҳкамлаш  бўйича муаммолар ва уларнинг ечимига бағишлган масалалар муҳокама қилинди, органик қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги билимларни кенгайтириш ва унинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ва қишлоқ минтақаларни ривожлантиришга таъсири, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти имкониятларини оширишда тутган ўрни муҳокама қилинди, шунингдек, минтақа ва жаҳон миқёсида органик маҳсулот бозорлари тенденцияси ва истиқболда ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.

International Conference on development of organic agricultureТадбирда қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, савдо ва стандартлаштириш соҳаларининг масъул давлат идоралари вакиллари, ишбилармон доира, халқаро ташкилот вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишди. Жумладан, анжуманда Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати бўйича халқаро федерация (IFOAM)нинг Осиёдаги президенти қатнашди ва анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиқди.

Анжуманнинг назарий сессияларидан сўнг, 24 август куни анжуман иштирокчилари Самарқанд вилоятидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш заводларидан бирида бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасида иштирок этишди ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳудудда қўлланилаётган илғор тажрибалар ва экспорт имкониятлари билан танишишди.

Тошкентда Халқаро ёшлар куни нишонланмоқда

International Youth Day in Tashkent

Халқаро ёшлар куни «Ёш оилалар ва қизлар» Биринчи миллий форуми доирасида нишонланади. Бу йилги тадбир Ўзбекистон Хотин-қизлар Қўмитаси ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси, (UNFPA) томонидан ташкил этилди.

Ҳар йили 12 август куни бутун дунё бўйлаб минглаб ёшлар, ёшлар ташкилотлари ва фаоллар Халқаро ёшлар кунини нишонлайди. Шу куни жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори ёшларга оид масалаларга кенгроқ қаратилади.

2017 йилги Халқаро ёшлар куни шиори – «Ёшлар дунё тинчлиги бунёдкорлари». 2015 йилда Хавфсизлик Кенгашининг 2250-сонли қарори қабул қилингандан бери, низоларнинг олдини олиш ва тинчликни сақлаб қолиш борасида ёшларнинг ўрни ва аҳамияти сифатида, муҳим ўрин тутиши борган сари кенгроқ эътироф этилмоқда. 2017 йилги Халқаро ёшлар куни ёшларнинг низоларни олдини олиш ва жамиятдаги ўзгаришларга қўшган ҳиссасини, шунингдек, инклюзивлик, ижтимоий адолат ва барқарор тинчликни нишонлашга бағишланган.  

Халқаро ёшлар куни Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 2017 йил 7-12 август кунларида бўлиб ўтадиган «Ёш оилалар ва қизлар» Биринчи миллий форуми доирасида нишонланади. Ушбу ташаббус доирасида UNFPA ҳамкорлар билан биргаликда бир қатор тадбирларни, хусусан, Тошкент шаҳридаги Ихтисослаштирилган сув спортини ривожлантириш Республика марказида булиб ўтадиган 130 нафардан ортиқ қизлар ва ёш аёллар (15-30 ёшдаги) ўртасидаги сузиш мусобақаси,  ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича миллий стратегия тақдим этиладиган, ҳамда Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар Қўмитаси орасида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш бўйича хамкорлик Меморандуми имзоланадиган маросимни қўллаб-қувватлайди.

“Бугунги кунда кўпчилик мамлакатлар аҳолисининг катта қисмини ташкил қиладиган ёшларга, айниқса қизларга, оила ҳаётига тайёргарлик кўришга, қарор қабул қилишда иштирок этишга, таълим олишга, ва шунингдек, сифатли тиббий ва бошқа зарурий хизматлардан фойдаланишга имконият яратиш ва ёрдам бериш керак. Бу ўз навбатида ёшларнинг жамиятнинг фаол иштирокчилари сифатида ролини оширишга, ўз салоҳиятларини тўлиқ намоён килишга ва ўз мақсадларига эришиш имкониятларини беради. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги сўнгги қарори хам ёшларни қўллаб-қувватлашга бўлган эҳтиёжга алоҳида эътибор қаратади” – дейди UNFPAнинг Ўзбекистондаги вакили  Миеко Ябута хоним Халқаро ёшлар кунига бағишланган тадбирни очилиш мaрoсимида.

UNFPA томонидан қўллаб-қувватланган тадбирлар ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб, нафақат энг фаол қизларнинг фаолиятига, балки шу билан бирга, ёшларнинг эришган ютуқлари, ўз камолотига қизиқишини орттириш, ёш оилаларда ижтимоий-маданий муҳитни барқарорлаштиришдек муҳим омилларга эътибор қаратади. Ёшларнинг спортга, таълимга, соғлиқни сақлашга, жумладан, репродуктив саломатлик ва оилани режалаштиришга оид ахборот ва хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш – барқарор ривожланиш ва келажакда соғлом авлодга эришиш учун мухимдир.

БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистон ёшлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишҳамкорлик қилади. Иккала ҳамкорни ҳам жамиятда ёшларнинг ролини кучайтириш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш ғоялари бирлаштиради.

БМТнинг Ўзбекистондаги янги вакили тайинланди

NEW UN Resident Coordinator to Uzbekistan appointedБМТ ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги янги вакили сифатида Хелена Фрейзер тайинланди. Бунга қадар Фрейзер хоним БМТнинг гуманитар масалаларини мувофиқлаштириш бошқармасининг Сурия низоси бўйича минтақавий офиси (Уммoн, Иордания) раҳбари бўлган. Фрейзер хоним БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг ўз ваколати ҳақидаги хатни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга топширди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва БМТни турли соҳалардаги ҳамкорлик бирлаштириши ва ушбу ҳамкорлик асосини инсон манфаатлари ташкил этиши таъкидланди. Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларига диққат-эътибори ошиб бораётгани қайд этилди. Бунинг исботи сифатида Бош котиб Антониу Гутерриш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифларии эслаб ўтилди.

Хелена Фрейзерга Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги 2017-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режа лойиҳаси топширилди ва унинг асосий йўналишлари бўйича изоҳлар берилди.

Суҳбат чоғида томонлар глобал ва минтақавий масалалар бўйича, ҳусусан Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган БМТ халқаро анжуманлари борасида ҳам фикр алмашдилар.

БМТда мусулмонларга нисбатан камситишларга қарши курашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

UN chief Guterres tells forum on combatting anti-Muslim discriminationБугун БМТ бош қароргоҳида мусулмонларга нисбатан камситишларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги форум бўлиб ўтди. Унинг иштирокчиларига мурожаати чоғида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш камситишларнинг ҳар қандай кўринишларини танқид қилиб, барча мазҳаблар вакилларининг ҳимоясига қаратилган янги кампания ҳақида эълон қилди.

«Дискриминация барчамизни обрўимизга путур етказади. У одамлар ва жамиятнинг салоҳияти ҳар тарафлама амалга оширилишига йўл бермайди. Биз барча динлар ва БМТ низоми асосидаги умумий бирлик, бир-биримизга нисбатан бағрикенглик ва бир-биримизни тушуна олиш каби қадриятларга таянишимиз зарур”, – деди Бош котиб Канада, АҚШ, Ислом ҳамкорлигининг ташкилоти ва Европа иттифоқи ташаббуслари бўйича ташкил этилган форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.

Антониу Гутерришга кўра нафрат ва камситишларнинг бошқа кўринишлари ксенофобия, расизм ва антисемитизм сингари умумий гуманистик қадриятларга путур етказади.

Бош котиб мазҳабларни низо ҳолатига келтирувчи ҳаракатларга қарши туриш, сиёсат, маданият ва иқтисодиёт соҳаларидаги бирликни таъминловчи чораларни қўллашга чақирди. Унга кўра миллий ва маданий турфалик таҳдид эмас, бойлик сифатида қабул қилиниши зарур.

БМТ Бош котиби барча одамлар учун ҳурмат, хавфсизлик ва қадр-қимматни таъминлашга қаратилган янги ташаббус ҳақида эълон қилди. “Бу кампанияни биз “Биргаликда, барча учун” деб номладик. Келинг, биргаликда камситишларга қарши курашамиз ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун ҳаракат қиламиз… Бизнинг мусулмон биродарларимиз, бутун инсоният учун”, – деди БМТ раҳбари.

 

Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни

World Science Day for Peace and DevelopmentИлм-фанда йўналишлар жуда кўп. Илмий ютуқлар эвазига дунё тобора ривожланмоқда. Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни биз учун илм-фаннинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида яна бир бор фикр юритишимиз учун имкониятдир. 2016 йилда илм-фанни оммалаштиришда илмий марказлар ва музейларнинг муҳим аҳамиятини таъкидлаш лозим.

Жамият ҳаётида барчанинг иштироки демократиянинг асосий тамойили ва мамлакат фуқароларининг салоҳиятини оширишда зарур бўлган омилдир. Илм-фанни оммалаштириш фуқароларни жамият ҳаётига жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, илмий марказлар ва музейлар нафақат илмий ютуқлар ҳақида маълумот берувчи манбалардир. Улар орқали одамларда атрофимиздаги ҳаёт ҳақида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлиш имконияти  пайдо бўлади. Музей ёки илмий марказлар бизни билимлар билан бойитади, ижодий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Илмий марказ ва музейлардаги экскурсиялар ўқув дастурларга ажойиб қўшимча бўла олади, ёшларда илм-фанга бўлган қизиқишни кучайтиради, илмий прогресс ҳақидаги ёлғон тушунчалардан ҳалос бўлишга ёрдам беради.

Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни 2001 йилда ЮНЕСКО Бош анжуманида (31С/20 резолюция) 1999 йилда Будапештда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бутунжаҳон анжумани ва Бутунжаҳон илм-фан кенгаши томонидан белгиланган мажбуриятлар доирасида таъсис этилган.

Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни халқаро ҳамжамиятга инсон ҳаёти фаровонлиги учун тинчлик ва тараққиёт сари илм-фан ютуқларидан фойдаланиш зарурлиги ҳақида эслатиш учун хизмат қилади. Ушбу кун илм-фан аҳамиятини жамиятга хизмат қилувчи омил сифатида оммалаштиришга хизмат қилади.

 

Ўзбекистонда БМТ куни

UN Day 2016

2016 йилнинг 21 октябр куни Тошкентдаги «Рэдиссон Блю» меҳмонхонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг 71 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда аккредитация қилинган БМТ агентликларининг вакиллари иштирок этдилар.

Анжуман бошида ташкилот номидан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер сўзга чиқди. У БМТ куни тинчлик ва хавфсизлик, тараққиётни таъминлаш, гуманитар масалалар ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда БМТнинг тутган ўрни, ҳамда давлатларнинг ташкилот қадриятлари ва тамойилларига содиқлигини намойиш қилиш учун имкон беришини айтди.

Глобал муаммолар ва таҳдидларга жавобан БМТ бошчилигида давлатлар 2030 йилга қадар мўлжалланган ва дунёни тубдан ўзгартиришга қодир барқарор ривожланиш дастурини қабул қилдилар. Дастурда адолат ҳукм сурадиган, инсон ҳуқуқлари ва тенглик таъминланиб барчани қамраб оладиган дунёни барпо этиш кўзда тутилган. Ушбу дастур марказида барқарор ривожланишнинг уч тамойили – иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт ва атроф-муҳит муҳофазасини чамбарчас боғловчи ва барчани, айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва келажак авлоднинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган 17та Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ва уларга бириктирилган 169та вазифа туради. Кириш сўзида жаноб Приснер, шунингдек, мазкур дастур барқарор ривожланишнинг ажралмас қисми бўлган инсон ҳуқуқлари ва унинг эркинлигини таъминлашга қаратилганини айтиб ўтди.

Матбуот анжумани давомида 2010 – 2015 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ) доирасидаги БМТнинг Ўзбекистонда ҳукумат билан ҳамкорликда амалга ошираётган фаолиятининг асосий натижалари ҳақида сўз борди. Ушбу давр мобайнида БМТ лойиҳалари ва дастурлари ёрдамида бандлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг иқтисодий хавфсизлигини, таълим, соғлиқни сақлаш хизматларинининг сифатини ошириш, табиий ва маданий ресурсларни оқилона ишлатиш, адлия тизимига мурожаат қилиш йўлларини соддалаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган турли ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида 162 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

2016 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги тизими 2016-2020 йилларга мўлжалланган ЮНДАФ доирасида иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси ва самарали бошқарув соҳаларида икки йиллик режаларни амалга оширишга киришди. Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда ишлаб чиқилган жорий ЮНДАФ дастури БРМ билан узвий боғлиқ бўлиб, унда мамлакат тараққиётидаги устувор вазифалар акс этган.

Матбуот анжумани давомида мамлакатда БРМни маҳаллий шароитларига мослаштириш ва барқарор тараққиётга эришишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқишга доир фаолият аҳамиятига тўхтаб ўтилди. Ушбу жараёнда БМТ тизими Ўзбекистон ҳукуматига, ЮНДАФ доирасида миллий БРМларни ҳаётга тадбиқ қилишга кўмак беришга тайёрлиги ҳақида айтилди.

Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан Бош котиб мурожаати

World-food-day-2016

Сайёрамиз аҳолисининг сони кўпайиб бормоқда, шу боис биз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондиришимиз зарур. Аммо иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳаво ҳароратининг кескин ўсиши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва бутун дунё бўйлаб қурғоқчилик ва сув тошқинларининг тез-тез содир бўлиши экотизимлар, қишлоқ ҳўжалиги ва жамиятнинг озиқ-овқат маҳсулотларини етарли даражада етиштириш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан жаҳондаги энг ночор одамлар жабр кўрмоқда. Уларнинг 70 фоизини қишлоқ ҳўжалиги, балиқ овлаш ва чорвачилик билан кун курадиган кишилар ташкил этади.

Бугунги Бутунжаҳон озиқ-овқат кунида биз иқлим ўзгариши, барқарор қишлоқ ҳўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатланиш хавфсизлигининг узвий боғлиқлигига “Иқлим ўзгармоқда – озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимлари ва қишлоқ ҳўжалиги ҳам ўзгариши керак” шиори остида эътибор қаратмоқчимиз. Соҳадаги ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар туфайли миллионлаб одамлар қашшоқлик ва очликка маҳкум бўладилар. Бу эса машаққат билан эришилган муваффақиятларимиз ва Барқарор ривожланиш мақсадларига етишиш имкониятини хавф остига қўяди.

Қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимлари тиклана оладиган, сермаҳсул, инклюзив ва барқор бўлиши зарур. Озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун давлатлар ўзларининг иқлим ўзгаришига доир иш режаларида озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги муаммоларига эътибор беришлари ва қишлоқлар ривожланишига кўпроқ маблағ ажратишлари керак. Ушбу соҳаларга қилинадиган инвестициялар ташқи таъсирларга нисбатан уларнинг мустаҳкамлигини, даромад ва кичик фермер ҳўжаликлари меҳнатининг унумдорлигини оширишга имкон бериб, миллионлаб одамларни қашшоқликдан халос этади. Улар глобал буғ газларининг чиқиндиларини камайтириб, экотизимлар ва одамларнинг саломатлиги ва фаровонлигини сақлашга ёрдам беради.

Кейинги ойда иқлим ўзгариши ҳақидаги тарихий Париж келишуви кучга киради. Бу эса бутун дунё бўйлаб буғ газлари чиқиндиларининг камайишига қаратилган ҳаракатларга, ҳаво ҳарорати кўтарилишини чеклашга ва иқлим ўзгаришидан келиб чиққан талабларга жавоб берувчи барқарор қишлоқ ҳўжалиги барпо этилишига туртки бўлади.

Ушбу Бутунжаҳон озиқ-овқат кунида мен барча давлатлар ва уларнинг ҳамкорларини иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва одилона ижтимоий-иқтисодий тараққиёт муаммоларини биргаликда ҳар томонлама ҳал қилинишига чақираман. Хозирги ва келажак авлодлар фаровонлиги бизнинг бугунги ҳаракатларимизга боғлиқ. Фақатгина ҳамкорликда ишлаб биз дунёни очлик ва қашшоқликдан халос этиб, барча инсонлар тинч ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун шароит яратишимиз мумкин.

БМТ Бош Ассамблеяси Антониу Гутерришни Бош котиб лавозимига тайинлади

António Guterres appointed next UN Secretary-GeneralБугун Бош Ассамблея собиқ БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари, Португалиялик Антониу Гутерришни Хавфсизлик кенгашининг тавсияси бўйича БМТ Бош котиби лавозимига тайинлади. Унинг фаолияти 2017 йил 1 январдан бошлаб 2021 йил 31 декабрига қадар давом этади.

Бош Ассамблея қарори эълон қилингандан сўнг Антониу Гутерриш БМТ ва унинг асосий қадриятлари: тинчлик, адолат, инсон қадр-қиммати ва бирдамликка бўлган ишончи қатъий эканлигини айтди ва ташкилотни ушбу тамойилларга асосланган ҳолда бошқаришга ваъда берди.

Шунингдек, у фаолиятидаги асосий вазифалар гендер тенглигини ўрнатиш ва аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини, ҳусусан қочоқлар ва ҳарбий низолар ҳудудида яшовчи шаҳсларни ҳимоя қилишдан иборат бўлишини қайд этди.

“БМТ қандай қийинчиликларга дуч келишини ва Бош котиб ишини чекловчи тўсиқлар қанчалар кўплигини тушунаман, – деди Антониу Гуттериш. – Бугунги мураккаб дунёда муаммоларни ҳал қилиш учун Бош котиб ташкилотчи, воситачи сифатида чиқиб барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олувчи ечимларни топишга ёрдам бериши керак”.