БМТ модели Ўзбекистонда

MUN at UWED 2016

ЖИДУда БМТ Моделининг ўнинчи анжумани бўлиб ўтди

2016 йилнинг 3-4 май кунлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида БМТнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси кўмагида БМТ Моделининг ўнинчи анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги 23 та олий ўқув юртларидан 170 нафар талаба иштирок этишди.

Анжуманнинг очилиш маросимида ЖИДУ ректори Абдумалик Жуманов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер талабаларга табрик сўзи билан мурожаат қилишди. Йилдан йилга ўзбек ёшлари орасида БМТнинг ролларга бўлиб ўтказиладиган Моделига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда, дея эътироф этди жаноб Приснер.  Ушбу даргоҳда бўлажак дипломатлар таҳсил олар экан, улар бевосита ўзаро мулоқотлар олиб бориш малакасига эга бўлишлари керак, шу сабабли ҳам ушбу анжуманнинг ЖИДУда ўтказилиши ғоятда муҳимдир, дея таъкидлаб ўтди. Жаноб Приснер, шунингдек, БМТнинг ҳар бир Модели БМТнинг бугунги кундаги энг муҳим учта ғоясини, яъни – инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш кабиларни қамраб олмоғи лозимлигига алоҳида урғу берди.

Ўтган йили БМТ Моделига Тошкент, Ургенч, Андижон, Гулистон ва Навоидан 13 та олий ўқув юртлари таклиф этилган бўлса, бу йил ЖИДУ ўз рекордини ўрнатди. Яъни, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Навои, Самарқанд ва Ургaнч каби шаҳарларни ҳам қамраб олиб, жаъми 23 та олий ўқув юртидан вакиллар таклиф этишди.

Анжуман иштирокчилари тўртта қўмиталарга бўлинган ҳолда иш олиб боришди. Биринчи қўмита Бош ассамблея бўлиб, халқаро ҳавфсизликни таъминлашда фан ва техника соҳасида ҳудудий ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқди. Иккинчи қўмитанинг мавзуси эса барқарор тинчликни таъминлашда кучларни бирлаштириш бўлди. Иқтисодий ва ижтимоий кенгашнинг мажлисини симуляция  қилган талабалар тўқнашувлардан кейинги даврда тинчликни ўрнатиш масаласини муҳокама қилдилар.  Ва ниҳоят, сўнгги қўмита – БМТ Xавфсизлик кенгаши ролини ўйнаб, улар космик кенгликдан тинчлик мақсадида фойдаланишни таъминлаш борасида фикр-мулоҳаза алмашдилар.

Анжуманнинг иккинчи кунида талабалар рақс ва вокал чиқишлар ўрин олган кичик концерт дастурини намойиш қилдилар. Тадбир якунида эса муҳим оламшумул муаммоларни муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича қимматли кўникма олган ёшларга БМТ Модели бўйича анжуман иштирокчиси сертификати тақдим этилди. Ўз фикрлари билан фаол қатнашган талабаларни эса БМТнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ва ЖИДУдаги БМТ Модели клуби “Энг яхши делегат”, “Энг яхши делегация”, “Энг яхши маъруза” ва “Энг яхши либос” номинациялари бўйича эсдалик совғалари билан тақдирладилар.

WIUT Lyceum Hosts its First MUNТошкент Халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейда илк бора БМТ Модели бўйича анжуман бўлиб ўтди

15 апрель куни Тошкент Халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейда БМТ ахборот бўлими кўмагида БМТ Модели бўйича “Хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари ва гендер тайзиққа қарши курашнинг ривожланиш босқичлари” мавзуида биринчи анжуман бўлиб ўтди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, БМТ Моделини ролларга бўлиб ўйин тарзида ўтказиш Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида анъанага айланган. Талабалар шу кунга қадар тўртта анжуман ўтказдилар. БМТ Моделининг бешинчиси эса 3 май куни бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. ХВУ қошидаги лицейда эса бундай тадбир илк маротаба ўтказилмоқда.

Лицей педагоглари талабалар БМТ фаолияти ва тизими ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлишлари учун, анжуманга тайёргарлик жараёнида уларни йўналтириб бордилар. БМТ Моделини ўтказишда эса БМТнинг ахборот бўлими ҳодимлари лицей талабаларига яқиндан кўмаклашдилар. Яъни, БМТ Модели бўйича тренинг ўтказдилар, тадбирни онлайн тарзда ёритиб бордилар, анжуманни ташкил этишда ёрдам бердилар ва тадбир сўнгида иштирокчиларни сертификатлар билан тақдирладилар.

Анжуман натижаларига кўра, ёшлар дебатлар, шунингдек, халқаро алоқалар ва оммавий дипломатия соҳасида мунозаралар ўтказишда илк тажрибага эга бўлдилар.

4                      3                     2

ЖИДУда БМТ моделининг 10 йиллиги нишонланди

16 ва 17 май кунлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида БМТ Ахборот маркази кўмагида БМТ модели анжумани бўлиб ўтди. Бу сафар 10 йиллиги нишонланган БМТ моделида илк бор Тошкент, Урганч, Андижон, Гулистон ва Навои шаҳарларидан келган 13 олий ўқув юртлари талабалари иштирок этдилар.

Анжуманда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети, Андижон, Гулистон ва Урганч давлат университетлари, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент молия институти, Тошкентдаги Турин политехник ва  Инха университетлари, Тошкент Темир йўл муҳандислари ва Навои давлат педагогик институтларининг 132 талабаси қатнашди.

Талабалар Бош ассамблея, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси ва Ҳавфсизлик кенгашининг ишини моделлаштирдилар. Бош ассамблея кенгашида БМТ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама этилди.  Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида эпидемик касалликларга қарши курашда жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мавзуси кўтарилди. Ҳавфсизлик кенгашининг иши эса Афғонистонда тинчлик ва ҳавфсизликни таъминлашга бағишланди.

БМТ модели анжуманининг биринчи кунида бўлиб ўтган расмий ва норасмий музокаралардан сўнг ҳар бир қўмита кенгашида тегишли қарор қабул қилинди. Анжуманнинг иккинчи куни эса талабаларга БМТ Ахборот марказининг сертификат ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

15-02-MUN-2015-at-WIUT

Халқаро Вестминстер университетида тўртинчи  БМТ модели бўлиб ўтди

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида 2015 йилнинг 14, 15 февраль кунлари Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида тўртинчи  БМТ модели анжумани бўлиб ўтди. Унда мазкур университет, ҳамда Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент ирригация ва мелиорация институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 100дан ортиқ талабалари иштироқ этдилар.

Анжуманнинг очилиш маросимида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Асмус Хаммерих, ТХВУнинг биринчи проректори Алан Франс и ва ижтимоий масалалар бўйича проректор Низом Қодиров сўзга чиқдилар.

Бу йили талабалар Бош Ассамблея, Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти ва ЮНЕСКО кенгашларининг ишини моделлаштирдилар. Анжуман қоидаларига кўра аввалига иштирокчилар ўз мамлакатлари вакиллари сифатида мавзу бўйича маъруза қилдилар, норасмий ва умумий муҳокамада қатнашдилар, кейин эса резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш устида иш олиб бордилар.

Анжуманнинг иккинчи куни талабалар томонидан тайёрланган маданий дастур тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирнинг якунида БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан қатнашчилар сертификатлар билан, энг фаол  иштирокчилар эса совғалар билан тақдирландилар. Шу куни БМТ модели доирасида 6 феврал куни илк бор БМТ Ахборот маркази ташкил этган “Нотиқлик санъати танлови”нинг  (Public speaking tournament) ғолиблари ҳам эълон қилинди. Танловда қатнашган 24 талабадан берилган мавзу бўйича нутқларини тайёрлаган уч энг яхши нотиқ ғолиб деб топилди: 1 ўрин – Аброр Назаров, 2 ўрин – Роман Куак, 3 ўрин – Гулбегим Холмирзаева.

MUNOneLife

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида БМТ модели анжумани

2014 йилнинг 1 июн куни “Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш” деб номланган  БМТ Модели анжумани бўлиб ўтди. АнжуманЖаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ҳамда БМТ Ахборот маркази томонидан ташкил этилди.

ЖИДУда бўлиб ўтган анжуманда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент молия институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги иккинчи Академик лицейдан ташриф буюрган 124 талаба иштирок этди. Бу йилги анжуманда талабалар БМТ Бош Ассамблеясининг икки қўмитаси ва Ҳавфсизлик Кенгашининг ишини моделлаштирдилар.

Анжуман қарорига кўра, барча БМТга аъзо давлатлар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва савдосига қарши кураш мақсадида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаши; Интерпол ҳамда БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан яқиндан ҳамкорлик қилиши; гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи давлатларга БМТ ходимларининг фаолият кўрсатиши учун имкониятлар яратиб бериши; гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиган шахсларнинг банклардаги ҳисобларини музлатиши зарур.

Мазкур БМТ моделининг ўзига хос ҳусусияти шундан иборат бўлдики, анжуман сўнггида талабалар томонидан тайёрланган “Ягона ҳаёт” саҳна кўриниши намойиш этилди. Ярим соат давомида БМТ тарихини ёрқин тусларда баён этган бўлажак иқтисодиётчи ва дипломатларнинг ижрочилик қобилиятлари тахсинга сазовордир. Саҳна кўринишининг номига изоҳ берар экан талабалар ҳар бир инсоннинг биргина ҳаёти бўлиши, бу инсонларни бирлаштирувчи мамлакатларнинг ҳар бири ҳам ягона, ўзгаларга ўхшамаслигини, ва бу мамлакатларнинг барчасини ўз ўрнида дунёда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишдек эзгу мақсад бирлаштиришини қайд этдилар.

MUNat50

Анжуман марказида одам савдоси масаласи

БМТ Ахборот маркази 2014 йилнинг 28 феврал куни ўзининг таълим фаолияти доирасида 50 мактаб билан ҳамкорликда навбатдаги БМТ модели анжуманини ўтказди.

Бу сафарги анжуманда 50-мактаб ўқувчиларидан ташқари 17-мактаб, ҳамда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети қошидаги Академик лицей талабалари ҳам иштирок этишди. Анжуман қатнашчилари одам савдоси мавзусига бағишланган БМТ Бош Ассамблеясининг учинчи – Гуманитар ва маданий масалалар кенгашининг ишини моделлаштирдилар.

Анжуман очилиш маросимида қатнашган БМТ Ахборот марказининг вакиллари ва ЮНОДК ходими Назокат Қосимова талабаларнинг мунозара олиб бориш кўникмаларини яхшилаш ва уларнинг глобал муаммолар ҳақидаги хабардорлигини оширишда бундай тадбирлар муҳимлигини қайд этдилар.

Анжуман қизғин баҳс ва унумли музокараларга бой бўлди. Делегатлар ёш бўлишига қарамай ўз мамлакатларининг элчилари вазифасини уддалай олдилар. Муҳокамада этилган масалалар барча давлатлар учун муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда ягона резолюция қабул қилинди.

Барча қатнашчилар сертификатлар билан тақдирландилар, энг фаол талабаларга эса «Энг яхши вакил», «Мавзу бўйича тайёрланган энг яхши маъруза» ва «Энг яхши воиз» номинациялар бўйича совринлар берилди.

MUNatWIUT

Ёшлар учун ҳамжиҳатлик сабоқлари

2014 йилнинг 22 ва 23 феврал кунлари Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида БМТнинг Ўзбекистондаги Ахборот маркази кўмагида навбатдаги БМТ модели анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этдилар.

Бу йили Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг БМТ модели клуби Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Наманган ва Андижон давлат университетлари талабаларини қабул қилди.

Анжуман давомида илк бор БМТ таркибидаги уч асосий органнинг иш жараёни моделлаштирилди. Бош Ассамблея делегатлари қашшоқлик билан курашиш ҳақида мунозаралар олиб борган бўлсалар, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш аъзолари гендер тенглиги ҳамда аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш масалаларини кўриб чиқдилар. Хавфсизлик кенгашида эса анжуман иштирокчилари янги мингйилликда терроризм билан кураш муаммолари борасида қизғин баҳс олиб бордилар.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер тадбирнинг очилиш маросимида талабаларни турли давлатлар вакиллари сифатида мулоқот қилиш имконияти билан табриклади ва шу каби анжуманлар глобал ҳамжиҳатликка эришишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мурожаатлари чоғида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Крол ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Эдгарлар ҳам анжуманнинг аҳамияти борасида ҳудди шундай фикрда эканликларини таъкидлади.

Мазкур БМТ модели талабалар учун нафақат навбатдаги қизғин баҳс ва мунозаралар олиб бориш, балки турли халқлар маданиятини намойиш этиш билан бир вақтда, бир-бирига дўстона муносабатда бўлиш ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятларнинг қанчалик долзарб эканлигини ёш авлод онгига янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қилди. Анжуманнинг маданий дастури талабаларни ўзга халқлар тарихи ва анъаналари билан таништирди ва яна бир бор хилма-хиллик бирдамликка тусқинлик қила олмаслигини, аксинча, уни янада мустаҳкамлашини барчага эслатди.

Анжуман «Энг яхши делегация», «Мавзу бўйича тайёрланган энг яхши маъруза», «Энг яхши воиз» номинациялари буйича ғолибларни тақдирлаш маросими билан якунланди.

MUNlitsey

 Барқарор ривожланиш масалалари лицей талабалари нигоҳида

2013 йилнинг 28 октябр куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 2 академик лицейда БМТ Ахборот маркази кўмагида «Мингйиллик ривожланиш мақсадлари: маррадан кейинги масалалар» мавзусида БМТ модели анжумани бўлиб ўтди.

Турли давлатлар раҳбарлари сифатида анжуманда қатнашган талабалар шу пайтга қадар эришилган Мингйиллик ривожланиш мақсадларини муҳокама қилиб, 2015 йилдан кейинги давр учун белгиланган вазифалар юзасидан қандай чора-тадбирлар кўриш кераклиги ҳақида мунозаралар олиб боришди.

Анжуман давомида қабул қилинган резолюцияга биноан қуйидаги чоралар қайд этилди:

– даромад даражаси паст бўлган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишини таъминлашга кўмаклашиш;

– инфратузилмаларни молиялаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;

– ишсизлар сонини ва аҳоли саводсизлиги даражасини пасайтириш мақсадида янги иш ўринларини ташкил этиш;

– янги технологияларни ишга солишда ривожланаётган мамлакатларга кўмак бериш;

Ахборот маркази ташкил этадиган БМТ моделларининг анъанасига кўра Азим Расулов «Мавзу бўйича тайёрланган энг яхши маъруза» номинацияси бўйича, Анастасия Ким «Энг яхши вакил ва воиз» номинацияси бўйича, хамда Шарук Азизходжаев «Анжуман самарадорлигига қўшган ҳиссаси учун» номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

БМТ глобал модели