Teg Arxivi: БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Тошкентда Халқаро ёшлар куни нишонланмоқда

International Youth Day in Tashkent

Халқаро ёшлар куни «Ёш оилалар ва қизлар» Биринчи миллий форуми доирасида нишонланади. Бу йилги тадбир Ўзбекистон Хотин-қизлар Қўмитаси ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси, (UNFPA) томонидан ташкил этилди.

Ҳар йили 12 август куни бутун дунё бўйлаб минглаб ёшлар, ёшлар ташкилотлари ва фаоллар Халқаро ёшлар кунини нишонлайди. Шу куни жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори ёшларга оид масалаларга кенгроқ қаратилади.

2017 йилги Халқаро ёшлар куни шиори – «Ёшлар дунё тинчлиги бунёдкорлари». 2015 йилда Хавфсизлик Кенгашининг 2250-сонли қарори қабул қилингандан бери, низоларнинг олдини олиш ва тинчликни сақлаб қолиш борасида ёшларнинг ўрни ва аҳамияти сифатида, муҳим ўрин тутиши борган сари кенгроқ эътироф этилмоқда. 2017 йилги Халқаро ёшлар куни ёшларнинг низоларни олдини олиш ва жамиятдаги ўзгаришларга қўшган ҳиссасини, шунингдек, инклюзивлик, ижтимоий адолат ва барқарор тинчликни нишонлашга бағишланган.  

Халқаро ёшлар куни Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 2017 йил 7-12 август кунларида бўлиб ўтадиган «Ёш оилалар ва қизлар» Биринчи миллий форуми доирасида нишонланади. Ушбу ташаббус доирасида UNFPA ҳамкорлар билан биргаликда бир қатор тадбирларни, хусусан, Тошкент шаҳридаги Ихтисослаштирилган сув спортини ривожлантириш Республика марказида булиб ўтадиган 130 нафардан ортиқ қизлар ва ёш аёллар (15-30 ёшдаги) ўртасидаги сузиш мусобақаси,  ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича миллий стратегия тақдим этиладиган, ҳамда Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар Қўмитаси орасида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш бўйича хамкорлик Меморандуми имзоланадиган маросимни қўллаб-қувватлайди.

“Бугунги кунда кўпчилик мамлакатлар аҳолисининг катта қисмини ташкил қиладиган ёшларга, айниқса қизларга, оила ҳаётига тайёргарлик кўришга, қарор қабул қилишда иштирок этишга, таълим олишга, ва шунингдек, сифатли тиббий ва бошқа зарурий хизматлардан фойдаланишга имконият яратиш ва ёрдам бериш керак. Бу ўз навбатида ёшларнинг жамиятнинг фаол иштирокчилари сифатида ролини оширишга, ўз салоҳиятларини тўлиқ намоён килишга ва ўз мақсадларига эришиш имкониятларини беради. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги сўнгги қарори хам ёшларни қўллаб-қувватлашга бўлган эҳтиёжга алоҳида эътибор қаратади” – дейди UNFPAнинг Ўзбекистондаги вакили  Миеко Ябута хоним Халқаро ёшлар кунига бағишланган тадбирни очилиш мaрoсимида.

UNFPA томонидан қўллаб-қувватланган тадбирлар ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб, нафақат энг фаол қизларнинг фаолиятига, балки шу билан бирга, ёшларнинг эришган ютуқлари, ўз камолотига қизиқишини орттириш, ёш оилаларда ижтимоий-маданий муҳитни барқарорлаштиришдек муҳим омилларга эътибор қаратади. Ёшларнинг спортга, таълимга, соғлиқни сақлашга, жумладан, репродуктив саломатлик ва оилани режалаштиришга оид ахборот ва хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш – барқарор ривожланиш ва келажакда соғлом авлодга эришиш учун мухимдир.

БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистон ёшлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишҳамкорлик қилади. Иккала ҳамкорни ҳам жамиятда ёшларнинг ролини кучайтириш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш ғоялари бирлаштиради.

БМТнинг Ўзбекистондаги янги вакили тайинланди

NEW UN Resident Coordinator to Uzbekistan appointedБМТ ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги янги вакили сифатида Хелена Фрейзер тайинланди. Бунга қадар Фрейзер хоним БМТнинг гуманитар масалаларини мувофиқлаштириш бошқармасининг Сурия низоси бўйича минтақавий офиси (Уммoн, Иордания) раҳбари бўлган. Фрейзер хоним БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг ўз ваколати ҳақидаги хатни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга топширди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва БМТни турли соҳалардаги ҳамкорлик бирлаштириши ва ушбу ҳамкорлик асосини инсон манфаатлари ташкил этиши таъкидланди. Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларига диққат-эътибори ошиб бораётгани қайд этилди. Бунинг исботи сифатида Бош котиб Антониу Гутерриш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифларии эслаб ўтилди.

Хелена Фрейзерга Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги 2017-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режа лойиҳаси топширилди ва унинг асосий йўналишлари бўйича изоҳлар берилди.

Суҳбат чоғида томонлар глобал ва минтақавий масалалар бўйича, ҳусусан Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган БМТ халқаро анжуманлари борасида ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистонда БМТ куни

UN Day 2016

2016 йилнинг 21 октябр куни Тошкентдаги «Рэдиссон Блю» меҳмонхонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг 71 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда аккредитация қилинган БМТ агентликларининг вакиллари иштирок этдилар.

Анжуман бошида ташкилот номидан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер сўзга чиқди. У БМТ куни тинчлик ва хавфсизлик, тараққиётни таъминлаш, гуманитар масалалар ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда БМТнинг тутган ўрни, ҳамда давлатларнинг ташкилот қадриятлари ва тамойилларига содиқлигини намойиш қилиш учун имкон беришини айтди.

Глобал муаммолар ва таҳдидларга жавобан БМТ бошчилигида давлатлар 2030 йилга қадар мўлжалланган ва дунёни тубдан ўзгартиришга қодир барқарор ривожланиш дастурини қабул қилдилар. Дастурда адолат ҳукм сурадиган, инсон ҳуқуқлари ва тенглик таъминланиб барчани қамраб оладиган дунёни барпо этиш кўзда тутилган. Ушбу дастур марказида барқарор ривожланишнинг уч тамойили – иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт ва атроф-муҳит муҳофазасини чамбарчас боғловчи ва барчани, айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва келажак авлоднинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган 17та Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ва уларга бириктирилган 169та вазифа туради. Кириш сўзида жаноб Приснер, шунингдек, мазкур дастур барқарор ривожланишнинг ажралмас қисми бўлган инсон ҳуқуқлари ва унинг эркинлигини таъминлашга қаратилганини айтиб ўтди.

Матбуот анжумани давомида 2010 – 2015 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ) доирасидаги БМТнинг Ўзбекистонда ҳукумат билан ҳамкорликда амалга ошираётган фаолиятининг асосий натижалари ҳақида сўз борди. Ушбу давр мобайнида БМТ лойиҳалари ва дастурлари ёрдамида бандлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг иқтисодий хавфсизлигини, таълим, соғлиқни сақлаш хизматларинининг сифатини ошириш, табиий ва маданий ресурсларни оқилона ишлатиш, адлия тизимига мурожаат қилиш йўлларини соддалаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган турли ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида 162 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

2016 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги тизими 2016-2020 йилларга мўлжалланган ЮНДАФ доирасида иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси ва самарали бошқарув соҳаларида икки йиллик режаларни амалга оширишга киришди. Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда ишлаб чиқилган жорий ЮНДАФ дастури БРМ билан узвий боғлиқ бўлиб, унда мамлакат тараққиётидаги устувор вазифалар акс этган.

Матбуот анжумани давомида мамлакатда БРМни маҳаллий шароитларига мослаштириш ва барқарор тараққиётга эришишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқишга доир фаолият аҳамиятига тўхтаб ўтилди. Ушбу жараёнда БМТ тизими Ўзбекистон ҳукуматига, ЮНДАФ доирасида миллий БРМларни ҳаётга тадбиқ қилишга кўмак беришга тайёрлиги ҳақида айтилди.

БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакилининг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган мурожаати

25th anniversary of Uzbekistan’s independence1991 йил 1 сентабрда Ўзбекистон Республикаси суверен давлат бўлиб, ўз тарихининг янги бир даврига қадам қўйди. Жорий йилда Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлайди. Нисбатан қисқа муддат ичида мамлакат ўзининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидаги босқичма-босқич ислоҳотларини амалга ошириб, жиддий натижаларга эришди.   2000 йилда қабул қилинган Мингйиллик декларацияга имзо чеккан мамлакатлар қатори Ўзбекистон Мингйиллик тараққиёт мақсадларига эришиш йўлида салмоқли ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ушбу ютуқларнинг заминида мамлакатда барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминлангани ҳамда ижтимоий соҳада, жумладан, таълим ва солиқни сақлаш соҳаларида самарали дастурларнинг амалга оширилиши ётади. Бу ютуқлар молиявий ёрдам ва сиёсий ирода билан қувватлантирилган аниқ сиёсат ва чора-тадбирлар улкан натижаларга эришишда ёрдам бериши мумкинлигининг яққол далилидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси “Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгиланган мақсад, яъни “очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият даражасига кўтарилган жамият барпо этиш” мақсадини қўллаб-қувватлайди. Мамлакатда парламент ролини кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш мақсадида мамлакатнинг миллий қонунчилигига яқинда киритилган ўзгартиришлар мазкур тадрижий ислоҳотларнинг ёрқин мисоли бўлиб хизмат қилади. Дарҳақиқат, мамлакатнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун инсон тараққиёти, иқтисодий ривожланиш ва демократиялаштириш жараёнлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб борилиши лозим.

Мамлакат Ҳукумати билан биргаликда амалга оширилаётган дастур ва лойиҳаларимиз доирасида БМТ мамлакатнинг иқтисодий ўсишидаги ижобий суръатларни маҳаллий ва бутун мамлакат миқёсидаги самарали ижтимоий сиёсат билан тўлдиришда ўз ёрдамини бериб келмоқда. Ушбу ёрдам давлат сиёсати борасида кенг кўламли маслаҳат ва тавсиялар бериш, мамлакат салоҳиятини кучайтиришга, дунёнинг бошқа мамлакатлари билан билим ва тажриба алмашилишга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этиш орқали кўрсатиляпти. Бизнинг ҳамкорлигимиз турли соҳаларда, хусусан, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан тортиб, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш каби соҳаларда амалга оширилади. Биз мамлакатга соғлиқни сақлаш, жумладан, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек таълим ва ижтимоий муҳофаза тизимларини янада такомиллаштириш борасида ўз ёрдамимизни бериб келмоқдамиз.

Ўзбекистоннинг маданий-тарихий бойликлари, табиий ресурслари ва биологик хилма-хиллигини қўриқлашга ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз. Шунингдек, мамлакатда ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси ва ОИВ/ОИТСга қарши кураш соҳасида ҳам кенг кўламдаги чора-тадбирларни олиб борамиз.

Ўз мустақиллигини қўлга киритгач Ўзбекистон БМТнинг бир қатор конвенциялари, хусусан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳалардаги конвенцияларни имзолаган. БМТ Ўзбекистонга мазкур конвенцияларни амалга оширишда ўз ёрдамини бериб келмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Бош Ассамблеяси ҳамда БМТнинг турли махсус идора ва ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. БМТ миқёсида Ўзбекистон халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда, жумладан Марказий Осиёни Ядровий қуролдан холи ҳудуд деб эълон этиш ташаббусини алоҳида мисол қилиб кетлириш мумкин.

2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсат фаолияти концепциясида Ўзбекистон халқаро муносабатларда юзага келадиган баҳсларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш ва куч ишлатмаслик тамойиллари белгиланган. Ўзбекистон мазкур тамойилларга содиқ қолиши бизни ниҳоятда қувонтиради. Ўзбекистон халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашда БМТнинг мувофиқлаштирувчи ташкилот сифатидаги ролини тан олгани, Марказий Осиёдаги бошқа қўшни мамлакатларга нисбатан ташқи сиёсатини ҳамкорлик ва дўстона руҳда олиб боришга ўз тайёрлигини кўп маротаба намойиш этгани алоҳида эътирофга сазовор.

Яқинда, 2015 йилнинг сентабр ойида Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган бошқа мамлакатлар қаторида 2030 йилгача бўлган давр учун ишлаб чиқилган тараққиёт дастури, яъни Барқарор ривожланиш мақсадларининг қабул қилинишини қўллаб-қувватлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими Ўзбекистон Республикасининг Барқарор ривожланиш мақсадларини мамлакат шароитларига мослаштириб, уларга эришиш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва бу борада мамлакатга зарур бўлган ёрдамини беришга тайёр. Хусусан, биз 2016-2020 йилларга мўлжалланган БМТнинг тараққиёт мақсадларида Ўзбекистонга ёрдам бериш доиравий дастури асносида Ўзбекистон Республикаси билан ўрнатилган ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга умид қиламиз. Таъкидлаш лозимки, мазкур дастур Ўзбекистоннинг миллий пировард мақсад ва вазифалари ҳамда 2030 йилгача бўлган давр учун бутун дунё миқёсида қабул қилинган тараққиёт дастурига асосланган.

БМТ Ўзбекистон халқини Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги билан табриклайди, унга тараққиёт, тинчлик-тотувлик ва фаровонлик тилайди.

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 70 йиллиги нишонланди

Uzbekistan celebrates the 70th anniversary of the United NationsБутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва яшаш шароитларини яхшилаш каби мақсадлар – 70 йил аввал асос солинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятининг негизини ташкил этaди. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотнинг юбилей тантаналари доирасида миллий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамда кенг жамоатчиликни БМТ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги натижалари, келгуси режалар билан таништириш мақсадида қатор тадбирлар уюштирмоқда.

Мазкур тадбирлар қаторида 23 октябрь куни “Камолот” ёшлар санъати саройида ЮНИСЕФ, ЮНФПА, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), ЮНЕСКО, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастурининг (ЮНЕЙДС) Ўзбекистондаги вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Uzbekistan celebrates the 70th anniversary of the United NationsАнжуманда сўзга чиққан БМТнинг Ўзбекистондаги вакили Стефан Приснер ушбу байрам муносабати билан қилинган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун мурожаатидаги қуйидаги сўзларни ёдга олди: “Барпо этилишига 70 йил ўтишига қарамасдан, БМТ ҳали ҳам бутун инсоният учун машъал бўлиб қолмоқда… ва барча инсонларнинг ирқи, дини, миллати ва жинси қандай бўлишига қарамасдан  уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда”.

Стефан Приснер анжуманда сўзлаган нутқининг асосий қисми эса БМТнинг Ўзбекистондаги фаолиятига бағишланди. Ҳусусан, Ўзбекистон билан 22 йиллик ҳамкорлиги давомида БМТ иқтисодиёт, давлат бошқаруви, соғлиқни сақлаш, таълим, наркотик моддаларни ноқонуний савдоси ва ОИВ-инфекциясини тарқалишига қарши кураш, тарихий-маданий қадриятлар ва атроф-муҳит муҳофазасига сарфланган 434 млн. АҚШ долларига тенг техник ёрдам кўрсатгани ҳақида айтиб ўтилди.Uzbekistan celebrates the 70th anniversary of the United Nations

Жаноб Приснер 2015 йилни жуда муҳим бир босқич деб атади, негаки айнан шу йили Мингйиллик ривожланиш мақсадларидан (МРМ) жорий йилнинг сентябрь ойида БМТнинг барча 193 давлатлари томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланишнинг 17 мақсадларига (БРМ) ўтиш жараёни амалга оширилaди. БРМда экологик барқарорлик, адолатли, тинчликпарвар ва инклюзив жамиятларни барпо этишга янада кўпроқ аҳамият берилaди. “Хозирги босқичда мамлакат шароитларига мослаштирилган миллий БРМни қабул қилиш зарур ва мазкур жараёнда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмак беришга тайёр”, – деб айтди жаноб Приснер.

Матбуот анжумани давомида oммавий ахборот воситалари вакилларига БМТ агентликларининг маданий мерос муҳофазаси, наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси, кексалар ижтимоий ҳимояси, репродуктив саломатлик, БМТ тизими ва бошқа масалалар борасида қилинаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Марказий Осиёда БМТнинг илк Эко-боғи бунёд этилди

Eco-parkБМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида иш юритувчи 200 нафардан зиёд ходим Алишер Навоий номидаги пойтахт миллий боғида БМТнинг 70 йиллик тантаналарига бағишланган экологик акцияда иштирок этди.

Мазкур тадбир  Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда ва Тошкент шаҳар ҳокимияти кўмагида амалга оширилди.

БМТнинг Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи 12та агентлиги  вакиллари  боғ ҳудудида турфа дарахтлар, жумладан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимликлар кўчатларини ўтқиздилар.

Ушбу ташаббус Ўзбекистондаги БМТ тизимининг барча тармоқлари учун рамзий аҳамиятга эгадир. Зеро, у Ташкилот ходимларини атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшиш йўлида жипслаштирди. Бу эса асосий йўналишларидан бири экологик кўмакни амалга оширишдан иборат бўлган, Барқарор ривожланиш мақсадларини ўз ичига олган янги Барқарор ривожланиш дастури билан чамбарчас боғлиқдир. Эслатиб ўтамиз, 2015 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилинган мазкур дастур 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган.

Эко-боғнинг бунёд этилиши БМТ ходимларига Ташкилот олий мақсадларига содиқликни ва Тараққиётга кўмак ғояларини илгари суриш йўлидаги фаолликни шахсий намуналари билан намойиш қилиш имконини берди. Маълумки, бу ғоялар иқтисодий имкониятларни ривожлантириш ва кенгайтириш, турмуш фаровонлиги даражасини ошириш ва атроф-муҳит муҳофазасига хизмат қилади.

Тадбирни очар экан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер ушбу кун алоҳида аҳамиятга молик эканини таъкидлади.  Боиси, бутун Марказий Осиёда илк Эко-боғга тамал тоши қўйилди.  Шунингдек, жаноб Приснер боғда униб-ўсадиган дарахтлар БМТ ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик белгиси бўлиб қолишини, демакки, акция рамзий аҳамияти ҳам эгалигини айтиб ўтди.

Очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгашининг Ижроия қўмитаси Раиси Борий Алихонов асосий вазифаси экологик масалаларни ҳал этиш бўлган Ҳаракат фаолиятига тўхталди.  Келгусида БМТ билан ҳамкорлик яна давом этишига, ушбу боғ эса пойтахтнинг энг сўлим масканларидан бирига айланиб, шаҳар кўркига кўрк қўшишига умид билдирди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир доирасида кўчат экиш билан чекланилмайди. БМТ агентликлари кейинчалик ҳам ЭКО-боғни парваришлаш ва унинг гуллаб-яшнашини таъминлаш масъулиятини зиммаларига олдилар ва бу боғ БМТнинг Ўзбекистон гуллаб-яшнашига қўшган ҳиссасининг ўзига хос рамзий белгиси бўлиб қолади.

БМТнинг Ўзбекистондаги вакили бўлажак юристларни тақдирлади

2015-03-02-univer-of-lawБМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иштирокида Тошкент давлат юридик университетида 2 март куни “Ҳуқуқ устуворлиги сари 70 йил” мавзуси бўйича иншолар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир 23 йил аввал Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлгани, ҳамда БМТнинг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.

Тақдирлаш маросимини очган ТДЮУ ректори Есемурат Каньязов университетнинг тарихи, хозирги кун мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб берди. Меҳмон сифатида тақдирлаш маросимига ташриф буюрган БМТнинг Ўзбекистондаги вакили Стефан Приснер “Ҳуқуқ устуворлиги ва Мингйиллик ривожланиш мақсадлари” мавзусида маъруза ўқиди. Жаноб Приснер дунёдаги глобаллашув жараёнининг турли соҳаларида БМТнинг 70 йил давомида олиб бораётган фаолияти, ҳамда унинг негизини ташкил этувчи икки асосий ғоя – инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ривожланиш мақсадлари борасида тўхталиб ўтди. Маъруза якунида Стефан Приснер БМТнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Танловнинг ўтказилиш жараёни, ундаги шарт ва баҳолаш мезонлари ҳақида “Халқаро оммавий ҳуқуқ” кафедрасининг мудираси  Замира Борсиева батафсил маълумот берди. Танловда қатнашган 40 нафар талаба томонидан топширилган иншолар “Халқаро оммавий ҳуқуқ”  кафедраси ва университетнинг Илмий-тадқиқод маркази профессор ва ўқитувчиларидан ташкил топган жюри аъзолари томонидан баҳоланди. Бакалаврлар орасида ғалабани Алишер Сафаров, магистрантлар орасида эса Давронбек Ўрозбоевлар қўлга киритдилар. Акромжон Шарипов, Азимжон Аслонов, Зарифа Элмуродова ва Дилшод Эгамбердиевлар сертификатлар билан тақдирландилар. Абдуазиз Исоқулов эса инглиз тилида ёзилган энг яхши иншо муаллифи деб топилди.